ФАЁЗОВ Фарзиддин Зайниддинович

ФАЁЗОВ Фарзиддин Зайниддинович (1941.1.3, Тошкент вилояти Нанай қишлоғи) — Ўзбекистон халқ артисти (2001). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1967). 1966 — 91 й. лар Муқимий театрида ишлаган. Театр саҳнасида Мамат, Ҳожи («Нурхон»), Фахриддин («Ўжарлар»), Турумбет («Жумагул»), Князь («Хонума хоним»), Андро («Кўнгли ёш қариялар»), Казбек («Хотинимнинг эри»), Амир («Лайли ва Мажнун»), Зоир («Ҳалима»), Шайтон («Шайтон ва муридлар»), Рожа («Рожа») каби образлар яратиб кенг диапазонли, серқирра актёр сифатида танилди. Кино (терговчи, «Жасур болалар»; Ўзбек зобити, «Команда»; Судья, «Аёл зоти»; Ота, «Музаффар» ва б.), телевизион фильмлар (Геолог, «Баланд тоғлар остида», 8 қисмли «Имон»да Бойбусинов ва б.)да ҳам суратга тушган. Радиопостановкалардаги роллари ҳам диққатга сазовор. Дубляж санъати устаси сифатида ҳам танилган. Телевизион ҳужжатли фильмларга дикторлик қилган.