ФАХРИДДИН РОЗИЙ

ФАХРИДДИН РОЗИЙ (тўлиқ исм. и Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Умар ибн алҲусайн) (1149, Рай — 1209, Ҳирот) — машҳур калом олими ва диний фалсафа намояндаси. Рай ва Мароғада таҳсил олган. Шофиий ва ашъарий олим сифатида фаолият кўрсатган. Хоразм, Бухоро ва Самарқандда яшаган. Ғазнада (1185 й. гача) ва Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятларида фаолият олиб борган, кейинчалик Ҳиротда яшаган. Ҳиротда унинг учун махсус Мадраса таъсис этилган, шайхулислом лақаби билан машҳур бўлган, қизғин мударрислик фаолиятини олиб борган. Шу билан бирга унинг кўплаб мухолифлари ҳам бўлган. Улар Фахриддин Розийни диний фалсафа, эътиқод ва ақида борасидаги қарашлари учун ислом асосларига путур етказганлик, динни бузганликда айблаганлар. 1209 й. да карромийлар ташвиқи б-н заҳарлаб ўлдирилган.

Фахриддин Розий ижодини 2 босқичга бўлиш мумкин. Ибн Синонинг «Алишорат ва ттанбеҳот» («Ишоралар ва танбеҳлар») асарига шарҳ бўлган «Шарҳ илишорат» асари ижодининг илк даврига оиддир. Унинг «Мунозарот улаллома Фахриддин» («Аллома Фахриддин мунозаралари») асаридан Мовароуннаҳр олимлари билан турли масалалар бўйича қилган мунозара ва мубоҳасалари ўрин олган. Метафизикага оид «Китоби Муҳассал афкор алмутақаддимин вал мутааххирин» («Олдинги ва замондош олимлар фикрларидан намуналар», Қоҳира, 1938) ва Қуръон тафсири бўлган «Мафотиҳ улғайб» («Ғайб сирларини очувчи», Қоҳира, 1932) ижодининг кейинги даврига оид асарларидир. Мазҳаб масалаларига бағишланган «Маноқиб алимом ашШофиий» («Имом Шофиий маноқиби»), фиқҳ масалаларига бағишланган «Китоб алмаҳсул» номли, адабиётшуносликка дойр «Чаҳордаҳ рисола» («Ўн тўрт рисола», Теҳрон, 1340) ва нужум илмига дойр қатор асарлари унинг қомусий олим бўлганлигидан далолат беради. Фахриддин Розийнинг машҳур энциклопедик асарларидан бири «Жомеъ улулум» («Илмлар тўплами», Т., 1915; Теҳрон, 1331) бўлиб, хоразмшоҳ Алоуддин Такаш илтимосига биноан ёзилган. Ушбу асар ўша давр мусулмон шарқидаги 60 фан ҳақида дастлабки маълумотларни беради. Муаллиф фанларни нақлий (калом, фиқҳ, мазхаб, тафсир ва ҳ. к.) ва аклий (тарих, грамматика, аруз, мантиқ, физика, алгебра, мусиқа, астрономия, сиёсат, давлат бошқаруви ва ҳ. к.), фуруъий (бошқа фанлардан ҳосил бўлувчи) ва аслий (асосий) сингари қисмларга бўлади. Ҳар бир фан асослари Зга бўлиниб оддийдан мураккабга тамойили асосида тушунтирилади: оддий асослар (алусул алзоҳирот), мураккаб асослар (алусул алмушкилот), такрорлаш учун саволлар (алимтиҳонот). Бундан мазкур асарнинг бўлажак подшохдар учун қўлланма сифатида ёзилганлиги кўриниб турибди. Асарларининг қўлёзмалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти, Қоҳира, Париж, Дрезден ш. ларидаги кутубхоналар фондида сақланади.

Ад.: Наймов Н ., Фахриддин Рази — Из философского наследия народов Ближнего и Среднего Востока, Т., 1972; Кулматов Н., Фахриддин Рази, Душанбе, 1980.

Нодир Рамазонов.