ФАХРИДДИН РОЗИЙ МАҚБАРАСИ

ФАХРИДДИН РОЗИЙ МАҚБАРАСИ — Кўҳна Урганчдаги меъморий ёдгорлик (12-а. 2ярми); Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ҳудудида. Хоразм шохлари Отсиз (1128—56) ва Эл Арслон (1156—72) даврида қурилган деб тахмин қилинади. Маҳаллий аҳоли олим Фахриддин Розий номи билан боғлайди. Бинонинг асосий қисми кубсимон шаклда (ички ўлчами 3,5×3,6 м, қуйи қисми пастга томон бир оз кенгайган), 12 қиррали пойгумбаз устига 12 қиррали кулоҳий гумбаз боғланган. Уч томонида тобадонли эшик жойлашган. Олд томони силликланган гиштлар билан 3 та равоқли тўртбурчакларга бўлинган, юзаси барг ва новдаларнинг нозик уйғунлигидаги ўйма нақшлар билан жозибадор безатилган, тўртбурчаклар ўзаро ёзувли ҳошия нақш б-н бирлашган. Ташқи гумбазига феруза ранг ғиштлар мавж усулида терилиб хандасий нақшлар ҳосил қилинган; ташқи гумбазидан анча паст бўлган ички гумбазига муқарнаслар ишланган.