ФАУНА

ФАУНА (лот. fauna — ўрмон ва далалар худоси, рим мифологиясида ҳайвонлар подаси қомийси) — муайян ҳудудда ёки акваторияда яшовчи хайвон турлари мажмуи. Фауна ҳайвонларнинг турли гуруҳидан ташкил топган бўлиб, бирор худуд фаунистик комплексининг тарихий ривожланиши жараёнида вужудга келади. Тундра, тайга, ўрмон, дашт, ярим чўл, чўл, пантропик ва б. фаунистик комплекслар бор. Муайян Фаунани ташкил этган фаунистик комплекслар микдори турлича бўлиши мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўз автохтонлари ва иммигрантлари бор. Фауна таркибини ўрганиш натижасида ундаги турлар бойлиги аниқланади. Шунга кўра, бутун Ер шари ёки унинг айрим ҳудудлари фаунистик рнлаштирилади. Фанда Фауна турли систематик категориялардаги (мас, бирор ҳудуддаги қушлар Ф. си, қўнғизлар Ф. си ва ҳ. к.), маълум даврга оид (мас, миоцен даври Фаунаси ва б.) ёки маълум геологик қатламга мансуб ҳайвонларни ифодалаш учун «Фауна» терминидан фойдаланилади. Ҳайвонот дунёсининг систематик таркиби тўғрисидаги йирик асарлар ҳам «Фауна» деб аталади (мас, Ўзбекистон Ф. си ва б.).