ФАСЦИОЛЁЗ

ФАСЦИОЛЁЗ — одам ва ҳайвонларнинг гижжа касаллиги. Трематодалар синфига мансуб фасциолалар қўзғатади. Улар тухумини одам ва ўтхўр хайвонлар жигари, ўт йўллари, ўт пуфагига қўяди, ташқарига ахлат орқали чиқади. Касаллик қўзғатувчисининг кейинги ривожланиш даври сувли муҳитда ва оралиқ хўжайин организми — моллюскаларда ўтади. Личинка моллюска танасида бир неча босқичда туллаб ривожланади. Фасциолалар личинкаси бўлган сув ёки ўсимлик истеъмол қилинганда Фасциолёз юқади. Касаллик ўткир ва сурункали кечади. Фасциолёзнинг қўзғатувчиси организмга кириб, орадан 2—4 ҳафта ўтгач, бемор иситмалайди, тошма тошиб, йўтал пайдо бўлади. Жигар катталашади ва ушлаб кўрилганда оғрийди, бадан сарғаяди, Фасциолёз сурункали кечганда меъдаичак фаолияти бузилади, овқат яхши қазм бўлмайди, гоҳо кўнгли айниб, бемор қайт қилади, иштаҳаси яхши бўлишига қарамай, у озиб кетади, дармони қурийди.

Фасциолёз одам ва ҳайвоннинг ахлати ҳамда қусуғини текшириб аникланади. Ҳайвонларда касаллик ўткир ва сурункали давом этиб, ўт пуфаги ва ўт йўллари яллиғланади. Ҳайвон умумий заҳарланади, моддалар алмашинуви бузилади. Фасциолёз билан асосан, қўй, эчки ва қорамол касалланади.

Даволаш: Ф. га сабаб бўлган омил бартараф этилади ва тегишли препаратлар берилади.

Олдини олиш: сувни қайнатиб ичиш, касаллик манбаи бўлган яйловларни аниклаш ва зарарсизлантириш, фасциолалар тухумини тарқатувчи моллюскаларни зарарсизлантириш, яйловларни алмаштириш ва б.