ФАСИҲ ҲАВОФИЙ

ФАСИҲ ҲАВОФИЙ, Фасиҳ Аҳмад ибн Жалолиддин Муҳаммад алҲавофий (1375.28.9 — тахм. 1443) — тарихчи олим. Темурийлар саройида хизмат қилган. Давлат ишлари билан Ҳиротдан Самарқандга — Халил Султон ҳузурига жўнатилган. 1415 й. да Шоҳрух саройида хизмат қилган. Муваджаҳи девон — девон вазири (1416—17) ва девон бошлиғи (1417 — 18) каби масъул лавозимларда ишлаган. Шоҳрух томонидан Кермон (1422—24)га юборилган. Бойсунғур саройида девон бошлиғи (1425—30) бўлган.

Фасиҳ Ҳавофий форс ва араб тилларида шеърлар ёзган. 1433—42 й. ларда форс тилида «Мужмали Фасиҳий» [«Фасиҳийнинг (тарихлар) мажмуаси»] тарихий асарини ёзган ва уни Шоҳрухга тақдим этган. Бу асар «Мужмал уттаворих» («Тарихий саналар йиғиндиси») деб ҳам юритилади. Асар дебоча, муқаддима, 2 мақола ва хотимадан иборат. Асарнинг асосий қисмида Фасиҳ ҳавофий Х,. араб халифалари, саффорийлар, сомонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, ғурийлар, хоразмшоҳлар тўғрисида маълумот бергач, темурийлар тарихига батафсил тўхталган. Асарда, шунингдек, шоирлар, фақиҳлар, муҳаддислар, шайхлар, шунингдек, иқтисодий ва маданий ҳаёт, ўша пайтда қурилган меъморий обидалар ҳақида муфассал маълумот берилган. Асар хотимаси Ҳирот ш. га бағишланган.

Ас: Муджмали Фасихи, Т., 1980.

Ад.: Материалы по истории Средней и Центральной Азии X—XIX вв., Т., 1988; Букж сиймолар, алломалар, 2китоб, Т., 1996.

Қаҳрамон Ражабов.