ФАРМОЙИШ

ФАРМОЙИШ — бошқарувга дойр ҳуқуқий ҳужжат; конституциявий ҳуқуқда давлат бошлиғи ва ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ваколатлари доирасида чиқарилади. Ижро этувчи ҳокимият органининг тез ҳал қилиниши керак бўлган ва б. жорий масалаларга оид карори Фармойиш шаклида чиқарилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 94моддасида кўрсатилишича, Президент конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва Фармойишлар чиқаради. «Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонунларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фукаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва Фармойишлар чиқаради» (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 98модда). Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси Фармойишлар чикариши Конституцияда кўзда тутилган.

Бундан ташқари, муассаса раҳбарининг якка узи томонидан чикариладиган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам Фармойиш ҳисобланади. Фармойиш мансабдор шахсларнинг муайян аниқ доирасига мўлжалланиб, унинг амал қилиш ва бажарилиш муддати белгиланган бўлади.