ФАРМАКОТЕРАПИЯ

ФАРМАКОТЕРАПИЯ (юн. Pharmakon — дори ва терапия) , дори терапияси — доридармон билан даволаш. Этиотроп Фармакотерапияда доридармонлар касаллик қўзғатувчиларга таъсир этади (мас, инфекцион касалликларни антибиотиклар бн, заҳарланишни эса антидотлар билан даволашда). Ўрин босувчи Фармакотерапияда организмга юборилган дорилар физиологик фаол моддалар ўрнини босади (мас, ички секреция безлари етишмовчилигида гормонал препаратлар қўлланади). Патогенетик Фармакотерапияда доридармон касалликнинг патогенезига таъсир этади (мас, адреналин бронхиал астмага, нитроглицерин стенокардияга, глюкозидлар юрак етишмовчилигида қўлланилади). Агар препаратлар касалликнинг фақат айрим белгилари (симптоми)га таъсир этеа (мас, оғриқ ёки йўтал крлдирувчи дорилар), бундай Фармакотерапия симптоматик терапия дейилади. Фармакотерапияда турли хил доридармонлардан фойдаланилади.

Инфекцион касалликлар ва ўсмалар кимё терапияси — Ф. нинг асосий йўналишидир. Кимётерапевтик моддалар касаллик қўзғатувчилар тури — микроблар, вирусларга караб специфик таъсир этади. Бундай таъсир этиш инфекцион агент ёки ўсма ҳужайрасининг физиологик, биокимёвий ва б. хоссалари билан боғлиқ. Препаратлар таъсири уларнинг организмга қандай усулда юборилишига, тўқималарда сўрилишига ва б. га боғлиқ. Айрим ҳолларда организмда доридармонларга чидамли микроорганизмлар ёки ўсма ҳужайралари пайдо бўлиши ва кўпайиши мумкин. Шунинг учун кўпинча организмга антимикроб ва ўсмаларга таъсир этадиган бир қанча дориларни қўшиб юборилади.