ФАРМАКОГНОЗИЯ

ФАРМАКОГНОЗИЯ (юн. pharmakon — дори ва gnosis — ўрганиш) — фармациянмиг бир бўлими. Ўсимликлар ва ҳайвонлардан олинадиган доривор маҳсулотлар, уларни бирламчи қайта ишлашдан ҳосил бўладиган баъзи моддалар (эфир мойлар, смолалар, сут ширалар, дарахт елимлари ва б.)ни ўрганади. Асосий вазифаси доривор хом ашёларни тадқиқ этиш, улардаги таъсиркор моддаларни аниклаш усулларини ишлаб чиқиш, шунингдек, бу моддаларнинг ўсимлик, ҳайвонлар аъзо ва тўқималарида жойлашган ўрнини ўрганишдан иборат. Бундан ташқари, ёввойи доривор ўсимликларнинг ўсиш жойи ва захирасини аниқлаш, уларни йиғиш, қуритиш, навларга ажратиш, қайтадан ишлаш, сақлаш ва ҳ. к. билан ҳам шуғулланади. Фармакогнозия фармациянинг қад. соҳаларидан бўлиб, юнон олими Диоскорид унга асос солган. Гален ва Парацельс эса Фармакогнозияни янги йўналишга солиб юбордилар. Ўрта асрларда, айниқса, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва Шарқнинг бошқа олимлари Фармакогнозия ривожига улкан ҳисса қўшдилар (қ. Тиббиёт), 18-а. да Россияда Фармакогнозия соҳасида доривор ўсимликларнинг қўлланиши ҳақида маълумотнома ва қўлланмалар пайдо бўлди. 1778 й. да биринчи рус фармакопеясп босилиб чиқди. Ҳоз. Республикамизда Ўзбекистон кимёфармацевтика илмий тадқиқот ин-ти фаолият кўрсатиб келмоқда. Фармакогнозияга оид тадқиқотлар фармацевтика и. т. институтлари ва фтлари кафедраларида бажарилади. Фармакогнозия фармацевтика таълими системасига киритилиб, олий ва ўрта махсус фармацевтика билим юртларида ўқитилади.