ФАРИДИДДИН АТТОР

ФАРИДИДДИН АТТОР (тахаллуси; асл исм шарифи Муҳаммад Абу Бакр ибн Иброҳим; тахм. 1148/51 — Нишопур — 1219/21) — мутасаввиф шоир. Асарларида тасаввуфни тарғиб қилган. Мансур Ҳаллож, Боязид Бистомий таълимотидаги ғояларни давом эттирган. Фаридиддин Аттор фалсафасининг асосини тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигини тан олиш) илми ташкил этади. Унга кўра, тавҳид фақат Аллоҳнинг ягоналигини тан олиш эмас, балки у билан қўшилишга интилиш, яъни инсоннинг мутлақ Руҳ томон интилишини англатадиган жараёндир. Фаридиддин Атторнинг «Булбулнома», «Мантиқ уттайр», «Уштурнома» асарлари рамзийаллегорик тимсоллар асосида ёзилган. «Жавҳар уззот», «Хайлож», «Асрорнома», «Шарҳ улқалб», «Мусибатнома» каби достонлари бевосита муҳокамамушоҳада, фикрийшуурий баёнлар тарзида битилган. Бундан ташқари, «Хусравнома»га ўхшаб мажозий ишқни куйлаган романтиксаргузашт асари ҳам бор. Ф. А. нинг 2 қисмдан иборат «Жавҳар уззот» асарида бутун руҳий ва моддий оламлар ягоналиги таърифланган. Илох. ҳар бир заррада мавжуд, аммо уни оддий кўз билан кўриш мумкин эмас. Аллоҳ ўз борлиғида ҳам пинҳону ҳам пайдо, барча ашёлар ёлғиз жавҳардан келиб чиққан. «Асрорнома»да бу фикр янада аниқроқ ифодаланган. Фаридиддин Аттор асарларида халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланган. «Мантиқ уттайр» (1175, бу асар «Мақомоти туюр» деб ҳам номланган) асари машҳур. Алишер Навоий болалик чоғида бу достонни ёд олиб, унинг таъсирида «Лисон уттайр» («Қуш тили») достонини ёзган. Ушбу асар тасаввуфнинг энг йирик адабий ёдгорлиги ҳисобланади. Бундан ташқари, Фаридиддин Аттор «Панднома», «Бесарнома», «Девон», «Вуслатнома,» «Тазкират улавлиё» каби асарлар муаллифи. Фаридиддин Атторнинг «Илоҳийнома» асари ҳам маснавий йўлида битилган ишқиймаърифий, фалсафийахлоқий достондир. Маснавийда 282 та ривоят, ҳикоят ва қиссалар баён этилган. Ф. А. Ҳақ ва қақиқат тушунчаларини ҳамма вақт инсон моҳиятига боғлаб тушунтирган. Зеро, тавҳид моҳияти ҳам, ҳақиқат ҳам охир оқибат инсон моҳияти ва ҳақиқати билан изохланган. Фаридиддин Атторнинг 96 бобдан иборат «Тазкират улавлиё» асари насрда битилган ягона ва машҳур асар бўлиб, унда тасаввуф шайхлари, авлиёуллохларнинг ҳаёти, кашфу кароматлари баён этилган. Асарнинг Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интида 10 дан зиёд қўлёзма нусхалари, Бомбай ва Лоҳурда 1877, 1887, 1895, 1900, 1903 й. ларда нашр қилинган босма нусхалари ҳамда Хожашоҳ ибн Саййид Ахмад Хоразмий ўзбек тилига таржима қилган 4 қўлёзма нусхаси мавжуд. Ушбу асарнинг Мирзо Кенжабек томонидан ўзбекчага қилинган таржимаси «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётида чоп этилган (1997).

Ac: Илоҳийнома, Т., 1994.

Ҳабиб Абдуназар.