ФАРҲОД

ФАРҲОД — Шарқ халклари оғзаки ва ёзма адабиётида кенг тарқалган образ. Ф. қад. мифология ва фольклорда тоғ қаҳрамони сифатида тасвирланган. Ривоятларда Фарҳод афсонавий кучлардан ҳам юқори қўйилган. Бадиий адабиётда дастлаб форстожик шоири Оғочий (10—11-а. лар) шеърларида тилга олинган. Балъамий («Тарихи Табарий»), Абу Дулаф («Рисолаи сония») асарларида Фарҳод Ширин б-н боғлиқ қаҳрамон сифатида эсланган. Шарқ адабиётида биринчи бўлиб’ Низомий Фарҳод образини кенг эпик планда тасвирлаган. 14-а. да Низомий достонини Қутб туркийга таржима қилган. Хусрав Деҳлавий «Ширин ва Хусрав»ида Низомий изидан борган. Фарҳод образига айрим аникликлар киритган. Низомийда Фарҳоднинг келиб чиқиши ҳақида маълумот йўқ. Хусрав Деҳлавийда у Чин хоқонининг ўғли. Лекин уларда Фарҳод қаҳрамон даражасига кўтарилмаган. Ориф Ардабилийнинг «Фарҳоднома» достони (1369) дан бошлаб Фарҳод марказий қаҳрамон сифатида тасвирлана бошлаган. Фарҳоднинг мукаммал эпик образини Навоий яратган. Навоий Фарҳод образи орқали идеал инсон хақидаги гуманистик қарашларини ифодалаб, энг юксак инсоний фазилатларни мадҳ этган. Навоий достонда Фарҳод ва Шириннинг чин севгиси ҳақида ҳикоя қилади ва шу муҳаббат фонида ижтимоий даёт муаммоларини ёритади. Кейинроқ Фарҳод ҳақида Кавсарий, Низорий ва б. достонлар яратдилар. Сўнгги давр достонлари ва саҳна асарларида ҳам Фарҳод образи яратилган (Хуршид, «Фарҳод ва Ширин»; Самад Вурғун, «Фарҳод ва Ширин»; Скосирев, «Фарход» ва б.).

Ад.: Шарқ адабиётида Фарҳод қиссаси, Т., 1985.