ФАОЛИЯТ

ФАОЛИЯТ — кишиларнинг ташқи оламга фаол муносабати шакли, инсоннинг ўзини ўзи мақсадга мувофиқ тарзда ўзгартириш усули, инсон борлиғининг муҳим хусусиятларидан бири. Фақат Фаолият замиридагина инсон моҳияти намоён бўлиши, жамиятнинг, ҳар қандай ижтимоий тузилманинг мавжудлиги таъминланиши мумкин. Инсон ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Фаолият шакллари, асосан, қуйидагича туркумлаштирилади: моддий Фаолият (инсоннинг ўз хавфсизлиги таъминланиши, озиқовқат, кийимкечакка бўлган дастлабки эҳтиёжларининг қондирилиши ва меҳнат қуроллари орқали ташқи табиатнинг ўзгартирилиши); ижтимоийсиёсий Фаолият (ижтимоий муносабатларга, ижтимоий ҳаётга таъсир кўрсатиш); маънавий Фаолият (илмфан, санъат, дин, бадиий ижод ва б. соҳалардаги Фаолият).

Инсон Фаолияти шакллари, турлари, аввало, меҳнат тақсимоти, одамлар, жамият эҳтиёжининг ўсиши жараёнида ўзгариб, ривожланиб боради. Фаолият элементларини инсонлар, инсон эҳтиёжлари ва манфаатлари, Фаолият предмети, мотивлари, Фаолиятнинг мақсадлари, амалга ошириш йўллари, воситалари ва усуллари ташкил этади. Фаолият муайян яхлит жараён сифатида ўзида мавжуд оламни, ижтимоий борлиқни, амалиётни ўзгартириш ва тушунтириш дастури ҳамда ундан келиб чиқадиган ҳаракатлар мажмуини мужассамлаштиради.

Кейинги даврларда Фаолият функцияларининг мураккаблашуви, турларининг ортиши ва чуқурлашиши кузатилиб, у илмий, амалий, ижтимоий аҳамиятга молик масалага айланди. Шу боис, Ф. бир қанча фанлар: психология, социология, сиёсатшунослик, экология, иқтисодий назария, ҳуқуқшунослик, хусусан, фалсафанинг ҳам махсус тадқиқот объекти саналади.