ФАОЛ ҲАРОРАТ, фойдали ҳapoрат — қ. х. экинларининг ривожланишига қулай таъсир кўрсатадиган ҳаво ҳарорати. Қ. х. экинлари фаол вегетация даврининг иссиқлик билан таъминланганлиги кўрсаткичи ҳисобланади. Ер шарининг турли ҳудудларида экинлар ривожланиши учун йиллик ҳарорат (иссиқлик) ресурсларининг қулайлик даражасини баҳолашда вегетация давридаги 10° дан юқори бўлган Фаол ҳарорат йиғиндиси қўлланилади. Фаол ҳарорат йиғиндиси 10° дан юқори бўлган барқарор ўртача суткалик ҳароратларни қўшиш йўли билан топилади.
Фаол ҳарорат етарли бўлмаган ҳолларда экин ўсмай ёки пишмай қолади. Экинлар турлари, навлари ва дурагайларини минтақалар бўйича жойлаштиришда, экиннинг иссиклик билан таъминланганлик даражасини ҳисоблашда Фаол ҳарорат кўрсаткичидан фойдаланилади (яна қ. Самарадор ҳарорат).