ФАНТАЗИЯ

ФАНТАЗИЯ, хаёл — ҳаётда инсон томонидан идрок этилмаган тасаввур ва хаёлий хрлатларнинг вужудга келишидан иборат психик фаолият. У инсоннинг бадиҳагўйлик қобилияти, бадиий тўқималарга усталиги, топағонлиги, ихтирога мойиллиги, антиқа, ақлга тўғри келмайдиган ҳолатларни рўёбга чиқаришга уқувчанлиги кабиларда намоён бўлади. Фантазия инсон онгида вужудга келишидан эътиборан борлиқнинг қиёфасини ўзгартиришга йўналган бўлади. Мас, бола ўзини космонавт сифатида ҳис қилади, конструктор ролини бажаради, сюжетли ўйинларда муайян қахрамонлар образини ижро этишга киришади. Фантазия туфайли эшитмаган, кўрмаган нарса ва ҳодисаларни тасаввур қилади: чўплардан от қиёфасини, стулдан харакатланувчи техникани, қушлардан тезкор учиш аппаратини, сув ости ажойиботларидан сузиш асбобларини такомиллаштиришни хаёлан ўйлайди. Шy жиҳати билан Фантазия улкан бадиий, илмий ва маърифий қимматга эга. Шахснинг ижодий фаолияти негизида Фантазия иштирок этмасдан иложи йўқ. Фантазия шахс амалга оширишни хоҳлайдиган образлар шаклида гавдаланади ҳамда ички аклий фаолиятга айланади. Одамлар атроф муҳитни фаол ижодий изланишлари (ҳаёлот тимсоллари, Фантазия) туфайли ўзгартиради.