ФАНТАСТИКА

ФАНТАСТИКА (юн. phantastike — хаёлан тасвирлаш санъати) — бадиий санъат тури. Фантастика реализм ва натурализм йўналишидаги санъат, адабиётларнинг акси. Айрим ўринда Фантастика реализм билан ҳам кўшилиб кетади. Фантастиканинг шакли мифологик тушунчаларни, эртакларни тасвирлашда кўринади. Инсон тасаввурида ҳайрон қолдирарли хаёлий образлар ва ҳодисалар, тўқима ҳолатлар, ажойиботлар олами бадиий асарда воқеликка, ҳаёт ҳақиқатига қарамақарши қўйиб тасвирланади. Фантастиканинг адабиёт, санъатнинг бошқа тур ва жанрларидан фарқи шуки, унинг тасвир соҳаси амалда мавжуд бўлган ҳаёт эмас, балки турмуш ҳақидаги умумий тасаввурдан келиб чиқадиган ҳаётдир. Шунинг учун ҳамма нарса ва ҳодисалар жиддий ўзгарган, бўрттирилган, таажжублантирадиган даражада бўлади. Фантастиканинг мақсад ва вазифалари факат инсон орзусини эмас, балки келажакда кутиладиган хатардан огоҳ қилиш, эстетик завқ бериш ҳамдир. Фантастика кўпинча халқ оғзаки ижодида учрайди. Лоф, латифалар ва достонларда Фантастикани ўта бўрттирилган шаклда кузатиш мумкин («Алпомиш», «Гўрўғли», «Манас» ва б.). Гомернинг «Илиада» достони, М. Сервантеснинг «Дон Кихот» асари, Ф. Рабленинг «Гаргантюа ёки Пантагрюэль» ҳажвий асари, Ж. Свифтнинг «Гулливернинг саёҳати», А. Дантенинг «Илоҳий комедия»си, М. Твеннинг «Том Сойернинг саргузаштлари», Гётенинг «Фауст», М. Булгаковнинг «Итюрак» ва б. асарлари Фантастика йўналишининг ажойиб намуналари саналади. К. Чуковскийнинг эртаклари, А. Казанцевнинг «Ёнувчи орол», А. Гриннинг «Алвон елканлар» асарлари, Х. К. Андерсеннинг эртаклари ҳам катталарга ва болаларга мое Фантастика жанрида ёзилган. Ҳоз. замон чет эл бадиий Фантастика сининг намояндалари сифатида япониялик Кабо Абэ, америкалик Айзек Азимовни, польшалик Станислав Лем ва б. ни кўрсатиш мумкин. Фантастика нафақат адабиётни, балки файласуфларнинг йирик ижодиётини ҳам ташкил қилади. Фантастикада образлар кўп ҳолларда яхлит мазмунда бўлса, яна айрим ўринларда рамзий маъно касб этади. Ҳоз. замон ўзбек адабиётида Т. Маликнинг «Ҳикмат афандининг ўлими», Т. Ҳобиловнинг «Ойга сафар», X. Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», X. Шайховнинг «Рене жумбоғи» асарлари Фантастика жанрида яратилган. Фантастика бадиий адабиётдан ташқари фольклорда, фалсафий утопияда, кино ва театрда, тасвирий санъатда ҳам муболағали бўрттириш билан акс эттирилади. Фантастика сюжет қурилмалари ва рамзий маъноларда ифодаланар экан, муаллифнинг ёки бир даврнинг дунёқараши, турмуш тарзи ва ундаги муаммолар мўъжизали, ғайритабиий шаклда тасвирланади.

19—20-а. ларда илмий Фантастика тараққий этди. Илмий Фантастиканинг асосий вазифаси — келажакни башорат қилиб, бадиий ифодалашдан иборат. Асосий тасвир усули — фикрий эксперимент (тажриба). 20-а. да илмий Фантастиканинг равнақи жамият тараққиётида фан ва техниканинг тобора ўсиб бераётганлиги билан боғлиқ. Шартли равишда ижтимоий употия ва «антиутопия» жанрлари, фалсафий, «маиший», юмористик, «техник» жанрлар фарқланади. Илмий Фантастика умумадабий ва ўзига хос тасвирий воситалардан фойдаланади.

Илмий Фантастиканинг асосчилари — Ф. Бэкон (16-а.), Бержерак, Ф. Гадвин (17 — 18-а. лар). 19-а. да француз фантасти Ж. Верн шуҳрат топди. Унинг «Ажойиб саёҳатлар» туркум романларидан «Капитан Грантнинг болалари», «Ер юзи бўйлаб 80 кунлик саёҳат», «Капитан Гаттераснинг саргузаштлари» кенг тарқалган. Инглиз ёзувчиси Г. Уэллс «Замон машинаси», «Кўзга кўринмас одам», «Дунёлар кураши» романларида илмийфантастик восита билан катта ижтимоий масалаларни ўртага қўйган. Шарқ халқлари оғзаки ва ёзма адабиётида илмий Фантастика мавзуи қад. замонлардан бери салмокли ўринни эгаллаб келган. «Минг бир кеча» туркумига кирган ҳикояларда, ўзбек фантастик эртакларида илмий Фантастикага хос хусусиятлар мавжуд. Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги «ойнаи жаҳоннома» ҳақидаги эпизодлар, «Садди Искандарий»даги Маллу тилсимига қарши кураш боби илмий Фантастиканинг яхши намуналаридир. Ҳоз. замон ўзбек адабиётида илмий Фантастикага хос йўналиш кўпроқ ҳикоя ва очеркларда кўринмоқда.

Ад.: Кагарлицкий Ю. Ш., Герберт Уэллс, М., 1963; Иленков Э. В., Об эстетической природе фантазии, в сб.: Вопросы эстетики, вып. 6, М., 1964.

Шукур Жабборов.