ФАН-ТЕХНИКА ТАРАҚҚИЁТИ

ФАН-ТЕХНИКА ТАРАҚҚИЁТИ — фан билан техниканинг ўзаро боғлиқ, ягона, илгарилаб борувчи тараққиёти; ижтимоий тараққиёт асоси. Дастлаб фан ривожи билан техника тараққиёти ўртасидаги яқинлашув 16—18-а. ларда мануфактура и. ч. и билан боғлиқ ҳолда содир бўлди. Бунгача моддий и. ч. эмпирик тажрибалар, ҳунармандлик асосида шаклланган. Теология ва схоластика таъсиридаги табиат ҳақидаги илмий назарий билимлар ҳам и. ч. га хеч қандай салбий таъсир қилмасдан секинлик билан ривожланган. Илмий ва техникавий тараққиёт инсон фаолиятининг 2 та нисбатан мустақил йўналиши сифатида юксала борган.

16-а. да савдо-сотиқ ва йирик мануфактурадаги туб ўзгаришлар бир қанча аниқ вазифаларни назарий ва экспериментал ҳал қилишни талаб қилди. Бу даврда фан Уйғониш даври ғоялари таъсирида схоластика анъаналарини парчалаб, амалиётга мурожаат қилди. Компас, порох ва китоб нашр қилиш илмийтехникавий фаолиятга асос солган 3 та йирик кашфиёт бўлди. Сув тегирмонларининг ривожланаётган мануфактура и. ч. ида қўлланилиши баъзи механик жараёнларни назарий тадқиқ этишни талаб қилди. Натижада чархпалак ғилдираги, чархпалак ҳаракати назарияси, каршилик ва ишқаланиш таълимотлари яратилди. Фан б-н техника яқинлашувининг 2босқичи машина и. ч. нинг 18-а. охиридан бошлаб тараққий этиши билан боғлиқ бўлиб, бунда фан билан техника бир-бирининг жадал ривожланишига таъсир кўрсатди. Бу даврда и. т. фаолиятида назарий масалаларни ҳаётга татбиқ қилишга даъват этувчи фаннинг махсус бўғинлари пайдо бўлди: амалий тадқиқотлар, и. ч. тадқиқотлари, амалий конструктив ишланмалар ва ҳ. к. Ф. т. т. нинг 3босқичи фантехника инқилоби билан боғлиқ. Унинг таъсирида техника тараққиётига қаратилган илмий соҳалар кенгаяди. Техник масалаларни ҳал қилишда биологлар, физиологлар, психологлар, мантиқшунослар иштирок этади. Фан-техника тараққиёти, шунингдек, ижтимоий фанлар йўналишлари, иқтисод ва и. ч. ни ташкил қилиш, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни илмий бошқариш, аниқ ижтимоий тадқиқотлар кабиларга билвосита таъсир қилади. Фаннинг техникага нисбатан етакчилик мавқеи янада ёрқин намоён бўлади, фан техникани узлуксиз инқилоблаштирувчи кучга айланади. Ўз навбатида, техника ҳам фан тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг олдига янги талаб ва вазифалар қўяди. Ҳоз. замон фантехника инқилобининг характерли хусусияти унинг саноат билан бирга ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари: қ. х., транспорт, алоқа, тиббиёт, таълим, маиший хизмат кабиларни қамраб олганлигидадир.