ФАН-ТЕХНИКА ИНҚИЛОБИ

ФАН-ТЕХНИКА ИНҚИЛОБИ, илмий-техника инқилоби — ишлаб чиқарувчи кучларнинг туб сифат ўзгаришларида фаннинг асосий и. ч. омили бўлиши. 20-а. нинг ўртасида бошланган. Фан-техника инқилоби меҳнатнинг мазмуни, характери ва шароитини, ишлаб чиқарувчи кучлар структурасини, меҳнат тақсимотини, жамиятнинг профессионал структурасини ўзгартиради; меҳнат унумдорлигининг ўсишига олиб келади; жамият ҳаётининг ҳамма томонларига, маданиймаиший ҳаётга, инсон психологиясига таъсир кўрсатади. Ходимларнинг маълумот даражаси, малакаси, маданияти, уюшқоклиги ва масъулиятига катта талаблар қўяди.

Электрон ҳисоблаш машиналари Фан-техника инқилобининг рамзи ҳисобланиб, унинг пайдо бўлиши инсон функцияларини астасекинлик билан машиналарга беришга, и. ч. ва бошқарувни комплекс автоматлаштиришга олиб келди. Ҳоз. даврда Фан-техника инқилоби куйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради: фаннинг бевосита ишлаб чикарувчи кучга айланиши; шу билан боғлиқ равишда ижтимоий меҳнат тақсимотида янги даврнинг бошланиши; меҳнатнинг характери ва мазмунида ижодий элементларнинг кучайиши; янги энергия манбалари ёрдамида сунъий материалларнинг яратилиши; ахборотнинг ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги аҳамиятининг кучайиши, оммавий коммуникация воситаларининг мисли кўрилмаган тараққиёти; умумий ва махсус таълим ҳамда маданият даражасининг ўсиши; фанлараро ўзаро боғлиқ мураккаб муаммоларни комплекс ҳал қилиш, ижтимоий фанлар ролининг ортиши; ижтимоий тараққиётнинг кескин тезлашиши, планета миқёсида интеграциялашув; экологик муаммонинг пайдо бўлиши ва у билан боғлиқ хрлда жамияттабиат тизимини илмий бошкаришнинг зарурлиги.

Фан-техника инқилоби глобал муаммога айланган айрим салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқарди. Бу муаммолар (экология, халқаро терроризм, демография, энергия танқислиги билан боғлиқ ва б.)ни ҳал қилиш учун кучларни бирлаштириш тақозо қилинади.