ФАЛЬЯ

ФАЛЬЯ Мануэльде (1876.23.11, Кадис, Испания — 1946.14.11, АльтаГрасия, Аргентина) — испан композитори, пианиночи, дирижёр. 20-а. мусика намояндаси. Мадрид консерваториясида таълим олган (1896—98). Миллий мусиқа жамияти га (1914), Миллий мусиқа (канте хондо) фестивалига (Ф. Гарсия Лорка билан биргаликда, 1912) асос солган. 1907—14 й. лар Парижда, 1939 й. дан Аргентинада яшаган. Фалья ижоди испан композиторлик санъати чўққисидир. Ижодида миллий мусика анъаналари (канте хондо, менестреллар санъати, миллий романс, Сервантес давридаги профессионал мусиқа ва б.) билан 20-а. Европа мусиқа ютуқлари уйғунлашган. Услуби аниқ мавзулари ва баённинг қисқалиги, нозик дид билан сайкалланган шакллар, оркестр бўёқларининг бойлиги билан ажралиб туради. «Қисқа умр» операси (1905), «Сехргар муҳаббат» (1915) ва «Треуголка» (1919) балетлари, вокал туркумлари («7 та испан халқ қўшиғи», 1914 ва б.), фортепиано («Бетик фантазияси», 1919 ва б.), гитара («Дебюсси хотирасига», 1920), турли ансамбль ва концерт асарлари машҳур. Фортепиано ва оркестр учун ёзган «Испан боғларидаги тунлар» сюитаси (1913) ҳамда б. асарларида мусиқий импрессионизм тамойиллари ўз аксини топган.