ФАКУЛЬТАТИВ КУРС

ФАКУЛЬТАТИВ КУРС, ихтиёрий курс — олий ўқув юртлари талабалари ва ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчилари учун назарий билимларни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш мақсадида ўтиладиган мажбурий бўлмаган машғулот тури. Факультатив курслар фан, техника ва маданиятнинг энг янги муаммолари, шунингдек, бирор ўқув фанини ўрганиш давомида талаба (ўқувчи)ларни қизиқтириб қолган мавзу ёки бўлим юзасидан ташкил этилади. Тавсия этилаётган Факультатив курс ларнинг тахминий рўйхати, одатда, ўқув режаларида акс этади. Олий ўқув юртларининг илмий кенгашлари ҳамда ўрта махсус ўқув юртлари педагогик кенгашлари талаба (ўқувчи)лар қизиқишлари ҳамда минтақавий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Факультатив курсларни ташкил этиш ҳуқуқига эгадирлар. Факультатив курс практикум, семинар, лаб. машғулоти сингари шаклларда ҳам уюштирилиши мумкин. Ўрта махсус таълим тизимида Факультатив курсларни ўтиш учун олий мактаб ва и. т. муассасалари ходимлари, шунингдек, халқ хўжалиги ва маданият тармоклари мутахассислари жалб этилади.