ХОЛДИНГ

ХОЛДИНГ, холдинг компания (инг. holding — эгалик) — асосий фаолияти корхоналарнинг акцияларини ўз тасарруфига олиш орқали уларнинг ишини назорат қилиш ва бошқаришдан иборат бўлган компания, бош корхона. X. таркибида асосий корхона ва шўъба корхона ёки бир неча шўъба корхоналар мавжуд бўлади. Холдинг компаниянинг ўзи и. ч. фаолияти билан шуғулланмаслиги мумкин, лекин кўп ҳолларда Холдинглар акцияларни бошқариш билан бир каторда молиякредит, савдо, транспорт ва б. фаолият турлари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади. Иш окилона ташкил этилганда X. ягона илмийтехника, инвестиция, ташқи иқтисодий сиёсатни ўтказиш, айрим хизматларни марказлаштириш имкониятини яратади. X. бошқа корхоналар акцияларининг пакетларига эгалик қилиш орқали назоратидаги корхоналарнинг директорлар кенгаши, бошқаруви ва б. раҳбар органларига ўзи таклиф этадиган номзодларнинг сайланишини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Холдингнинг асосий белгиси бир корхона (бош корхона) бошқа корхона ёки корхоналар (шўъба корхоналар) томонидан қабул қилинадиган қарорларни назорат қилиш имкониятига эгалигида. Бир қанча корхоналарни бошқаришнинг X. шакли уларнинг мустақиллигини бекор қилиш билан бир корхонага бирлаштириш, бир марказга тўлиқ бўйсундириш ва ўзаро фаолиятни мувофиқлаштириш учун тенг ҳуқуқли корхоналар ассоциациясини ташкил этиш ўртасидаги оралиқ шакл ҳисобланади. Ўзининг ташкилийҳуқуқий шаклига кўра, X., одатда, акциядорлик жамияти қаторига киради. Ўз навбатида, аксарият ҳолларда, X. акцияларига унинг ўзи назорат қиладиган корхоналар эгалик қилади, бу эса корхоналарнинг манфаатларини ўзаро ва X. компания манфаатлари билан уйғунлаштириш имкониятини яратади.

Ўзбекистонда 20-а. нинг 90-й.

лари ўрталаридан ёқилғи саноатида «Ўзнефтгаз» миллий холдинг компанияси, мебель саноатида «Файз» холдинг компанияси; озиқ-овқат саноатида Ў«змевасабзавотузумсаноат холдинг» компанияси, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида «Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг» компанияси муваффақиятли фаолият олиб боради. Кўп ҳолларда бошқа корхоналар фаолиятини назорат қиладиган (уларнинг акцияларига эгалик қилиш орқали) компаниянинг ўзигина эмас, балки X. орқали ўзаро боғланган юридик шахслар мажмуи ҳам X. деб аталади.