ТОВУШ

ТОВУШ (тилшуносликда) , нутк, товуши — кишининг мураккаб артикуляцион фаолият натижаси ғисобланган, муайян акустик (эшитилиш) ва перцептив (идрок этилиш) хусусиятлари билан ажралиб турадиган энг кичик нутқ бирлиги. Талаффуз усулига мувофиқ ҳолда Товушнинг акустикаси, артикуляцияси ва перцепцияси ҳақида фикр юритилади. Ҳар бир нутқ товуши артикуляцион жиҳатдан талаффуз аъзоларининг мураккаб ҳаракати натижасида пайдо бўлади. Акустик жиҳатдан эса, ҳар қандай бошқа товуш сингари, ҳаво муҳити орқали тарқаладиган тебранма ҳаракат сифатида таърифланиши мумкин. Нутқ товушларини ҳосил қилувчи восита (тебрантирувчи куч) ўпкадан нафас йўли орқали чиқиб, аввал бўғизга ва ундан оғиз бўшлиғига, баъзан бурун бўшлиғига ўтадиган ҳаво оқимидир. Овоз (ун), асосан, бўғизда ҳосил бўлади. Унда кўндаланг жойлашган эластик, юпқа товуш (ун) пайчалари мавжуд бўлиб, сўзлаш пайтида ўпкадан чиқаётган ҳавонинг кучи билан титрайди ва овоз ҳосил қилади. Унлилар, сонорлар ва жарангли ундошлардаги овоз ана шунинг натижасидир. Бўғиз орқали ўтган ҳаво оқими тил, танглай, тиш ёки икки лабнинг тўсқинлигига дуч келиб, шовқин пайдо қилади, наткжада жарангсиз ундошлар ҳосил бўлади.

Товушлар сўз ва грамматик кўрсаткичларни шакллантириш ҳамда уларни бирбиридан фарқлаш, ажратиш учун хизмат қилади. Бундай хусусиятли Товушлар фонема деб юритилади, бироқ барча Товуш ҳам фонема бўла олмайди. Товуш (фонема)лар бир неча жиҳатдан тасниф қилинади. Овоз ва шовқиннинг иштирок этиш даражасига кўра, улар аввало 2 га бўлинади: унли товушлар ва ундош товушлар (қ. Фонема, Ундош товушлар, Унли товушлар).