ШИРИНАК

ШИРИНАК — қовун-тарвузнинг энг ширин намуналарини танлаш ва баҳолаш мақсадида ўтказиладиган анъанавий мусобақа, баҳслашув. Қадимдан куз бошида, қовунтарвуз ғарқ пишган даврда бозорларда, қовун сайилларида ўтказиб келинган. Ширинакда миришкор қовунчи деҳқонлар ўзлари етиштирган ҳосилнинг энг сарасини намойиш қилганлар. 20-асрнинг 70—80-й. ларида Ўзбекистон халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида (Тошкент шаҳрида) Ширинак полизчи деҳқонларнинг махсус кўриктанлови — қовун сайли шаклида ҳар йили 1 сентябрда ўтказилган. Ширинакда мусобақалашувчи томонларнинг ўзлари қовунтарвузнинг энг сараси ва ширин деб билган намунапарини танлайдилар. Танланган қовунтарвузлар сўйилиб, ширин ва сара деб топилган намуналар чашначилар (қ. Чашначилик) томонидан эълон қилинади. Кимники ширин чиқса, шу томон ғолиб деб топилади. Танловда ҳайъат тузилиб, у қовунтарвузнинг ташқи кўриниши, сифати, ширинлиги, эти таркибидаги қанд моддаси миқдори, ҳосилдорлиги, ташишга, сақташга чидами ва бошқаларга баҳо беради ҳамда ғолибларни эълон қилади, совринларни топширади. Ғолиб топилган нав уруғлари экиш учун тавсия этилади.

Ширинак ҳозир ҳам шаҳарлар ва туманларда қовун бозорларида, қовун сайиллари, ҳосил байрамларида уюштирилади, қовун ишқибозлари, ҳаваскор полизчи деҳқонлар ўртасида ўтказиб турилади.