КРИОБИОЛОГИЯ (крио… ва биология) — паст ва ўта паст ҳарорат (0° дан паст, абсолют 0° га яқин)нинг ҳар хил биологик объектлар ва ҳодисаларга таъсирини ўрганадиган биол. фани. Криобиологиянинг асосий вазифаси паст ҳароратда ҳаётнинг қуйи чегарасини, организмнинг совуққа ва музлашга чидамлилигини аниқлаш; салбий ҳароратнинг орга-измга зарарли таъсирини тадқиқ қилиш; хужайра ва тўқималарни совуқ уришдан ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқишдан иборат. Криобиологиянинг амалий томони биологик объектлар (мас, қон, тўқималар ва органлар) ни узоқ муддат сақлаш ва совуқ, ёрдамида даволаш (криотерапия) методларини тадқиқ қилиш, совуққа чидамли ўсимлик навларини яратиш, ўта совуқ шароитда инсон фаолиятини оптималлаштириш учун тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Криобиологиянинг илмий асослари 19-а. охирида рус физиологи П. И. Бахметьев томонидан яратилган.