КОШҒАРИЙ ЁДГОРЛИК МАЖМУИ, Маҳмуд Кошғарий ёдгорлик м а ж м у и — Хитойнинг Қашғар (Кошғар) вилояти Ўпал ноҳиясидаги Азиқ қишлоғида, Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда жойлашган мақбара. Тепаликнинг бал. 40 м бўлиб, маҳаллий халқ орасида Маҳмуд Кошғарий мозори номи билан машҳур. Олим дафн этилган жойга ўша давр анъанасига мос равишда пештоқлик қабр қурилиб, усти уй шаклида ёпилган. Шундан бери бу ер зиёратгоҳга айланиб, маҳаллий халқ томонидан таъмирланиб турилган. 1958 й. мақбара тўла таъмирланиб, ёнига музей қурилган ва ҳукумат тасарруфидаги зиёрат масканига айлантирилган. Унинг таркибида асосий мақбара, ҳовли, қироатхона, музей, таҳоратхона қабилар мавжуд. Уларнинг умумий майд. 1160 кв. м га тенг. Қабр жойлашган тепаликнинг этаклари гўзал, манзарали боққа айлантирилган. Ҳозир ушбу зиёрат масканининг умумий майд. 75 га га яқин. Мақбарага чиқишда 92 та зинани босиб ўтиш лозим. Айтишларича, ушбу зиналар сони олимнинг ёши сонига тенглаштирилган. Зинапоя ёнида ўша даврдан бери сақланиб келаётган булоқ мавжуд. Маҳмуд Кошғарий музейи мақбаранинг шим.-томонида жойлашган. Мақбара билан музей оралиғи тахм. 300 м келади. 1999—2000 й. ларда пастдан музейга чиқиш учун зинали йўл ишланган. Унинг ўрта белида олимнинг китоб ушлаб турган ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкалнинг бал. 9,7 м.
Абдулаҳад Хўжаев.