КОРОЛЕНКО Владимир Галактионович [1853.15(27).7, Житомир – 1921. 25.12, Полтава] — рус ёзувчиси, публицист, жамоат арбоби. Петербург (1900— 02) ва Россия (1918) ФА фахрий аъзоси. Илк ҳикояси — «Изловчи ҳаётидан лавҳалар» (1879). «Мафтункор» (1880), «Фёдор» (1885), «Кўр музикачи» (1886), «Черкас» (1888), «От довон» (1892), «Гўнг» (1895), «Шуълалар» (1901) сингари ҳикоя ва қиссаларида зулм, зўравонликка қарши чиққан, истибдод ва туҳмат қурбони бўлган мазлумлар қисмати акс этган. «Замондошим тарихи» (1922) автобиографик асари ва б. асарларида демократия ва гуманизм ғоялари илгари сурилган. 1920 й. Луначарскийга ёзган мактубларида [«Новый мир» («Янги дунё») жур., 1988 й. №10, Москва] Россиядаги инқилоб истиқболига ишонмаслигини баён этган ва фуқаролар урушида большевикларнинг бебошликлари ҳақида ғазаб билан ёзиб, судсиз отишлар ва болаларнинг ўлдирилишига қарши чиққан. Асарлари жаҳондаги кўпгина тилларга, жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.