КОМПОЗИЦИЯ УСЛУБИ, композиция усули — кўп овозли, композитор томонидан нота ёзуви шаклида ижод этилган мусиқий асарнинг тузилиш хусусиятлари, ўзига хослиги; куй-оҳанглар яратиш ҳамда уларни ривожлантириш йўли. Мусиқа асаридаги овозлар, мусиқий-ифодавий воситаларнинг ўзаро нисбатлари жиҳатидан фаркланади. Европа санъати тарихида олдин полифония услублари (9 — 10-а. лардан), кейинчалик гомофония турлари (16 — 17-а. лардан), 20-а. да атонал мусиқа, додекафония, пуантилизм, алеаторика, конкрет мусиқа, электрон мусиқа, минимализм каби Композиция услуби лари ривож топди. Ўзбекистон композиторлик санъатининг илк тажрибалари (1920—30 й. лари), асосан, гомофония тарзида вужудга келган, кейинчалик (айниқса, 1960—70 й. лардан бошлаб) полифония, шунингдек, турли замонавий композиция турлари кенг ривож топди. Композиция услубилари бир-бирини инкор қилмайди, балки аксарият замонавий (шу жумладан, ўзбек композиторлари яратган) мусиқа асарларида композициянинг бир неча турлари ўзаро туташиб, қоришиб кетган ҳолда намоён бўлади. Композиция услуби асослари махсус олий мусиқа ўқув юртларида мусиқашунослик ҳамда композиция курсларида ўрганилади. Композиция услуби тушунчаси, асосан, композиторлик ижодига нисбатан қўлланилсада, таъкидлаш жоизки, узоқ ва яқин ўтмиш ҳамда ҳоз. давр ўзбек бастакорлик ижодиёти ҳам ўзининг узоқ тараққиёти жараёнида бир қатор турфа Композиция услуби ларини шакллантирган.