КАРАХАН Николай Григорьевич (1900.17.5, Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти — 1970.18.6, Тошкент) — Ўзбекистон халқрассоми (1950). 1908 й. дан Ўзбекистонда. Туркистон ўлка рассомлик мактабида таълим олган (1918— 21). Тошкент рассомлик билим юртида дарс берган (1925—41). Карахан асарларида ўзбек халқининг ҳаёти ва меҳнатини, табиат манзараларини рангли лавҳаларда акс эттирган: «Ўроқчиларнинг ишдан қайтиши» (1927), «Сирдарё соҳилидаги бозор» (1929), «Ғалла ўрими» (1930), «Бухорода қурилиш» (1933), «Ишга кетишяпти» (1934), «Овқатланиш маҳали» (1935) ва б. 30-й. ларнинг охирларидан асарларида республика манзараларини акс эттира бошлади, кишиларни ҳам манзаралар фонида тасвирлади («Аёллар ғаллазорда», 1936; «Ғалла элаётган аёл», 1946; «Нанай йўли», 1954; «Олтин куз», 1957; «Яшнаётган водий», 1958; «Олтин симфония», 1965; «Сўнгги нур», 1969 ва б.). Кўпгина рассомлар (жумладан, Р. Аҳмедов, З. Иноғомов ва б.) К. нинг шогирдларидир. Карахан асарлари республика ва чет мамлакатлар музеилари ва хусусий тўпламларда сақланади.