КАЛЬМАН

КАЛЬМАН (Kalman) Имре (1882.24.10, Шиофок ш., Венгрия — 1953.30.10, Париж) — венгер композитори, оперетта жанри йирик устаси. Ижодий фаолиятини симфоник, вокал, фортепиано асарлари ҳамда кабаре (эстрада театри) учун қўшиқлар ёзишдан бошлаган. «Кузги манёврлар» (1908) илк опереттаси Европа ва АҚШнинг бир қанча шаҳарларида саҳналаштирилган бўлиб, композиторга катта шуҳрат келтирган. Жами 20 та оперетта яратган: «Люли-премьер» (1912), «Чардаш рақси қироличаси»(1915, «Сильва» номи билан ҳам машҳур), «Баядера» (1921), «Графиня Марица» (1924), «Цирк маликаси» (1926), «Монмартр бинафшаси» (1930) ва б. Асарларига сюжет ҳолатларининг кескинлиги, мусиқали драматургиясининг ривожланганлиги, оркестр бўёқлари ҳамда куйларнинг ёрқинлиги хос. Услуби венгер мусиқа фольклорига яқинлиги билан ажралиб туради.