ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
НОВОСАЛИК
NOVOSALIC
Препаратнинг савдо номи: Новосалик
Таъсир этувчи моддалар (ХПН): бетаметазон, салицил кислотаси
Дори шакли: сиртга қўллаш учун суртма
Таркиби:
Суртманинг ҳар бир грамми қуйидагиларни сақлайди:
фаол моддалар:
бетаметазон дипропионати, бетаметазонга эквивалент – 0,5 мг,
салицил кислотаси – 30 мг;
ёрдамчи моддалар: оқ юмшоқ парафин, суюқ парафин, изопропилмиристат, оқ асалари муми.
Таърифи: оқ рангли гомоген суртма.
Фармакотерапевтик гуруҳи: маҳаллий қўллаш учун глюкокортикостероид + кератолитик восита.
АТХ коди: D07XC01.
Фармакологик хусусиятлари
Таъсири таркибига кирувчи компонентларга боғлиқ бўлган мажмуавий препаратдир; яллиғланишга қарши, шишга қарши, аллергияга қарши, вазоконстриктор, антипролифератив, иммунодепрессив, кератолитик, микробларга қарши, замбуруғларга қарши ва маҳаллий гипотермик таъсир кўрсатади. Яллиғланиш медиаторларини ажралиб чиқишини тормозлайди, нейтрофилларни четки тўпланишини олдини олади, яллиғланиш экссудатини ва цитокинлар ишлаб чиқарилишини камайтиради, инфильтрация ва грануляция жараёнларини камайишига олиб келиб, макрофаглар миграциясини камайтиради. Салицил кислотасини мавжудлиги туфайли терини юмшатади, мугуз қаватланишни бартараф этади ва ГКС чуқурроқ киришига ёрдам беради. Суртма сув қайтарувчи таъсирга эга ва терини ташқи намликдан ҳимоя қилувчи ҳимоя плёнка ҳосил қилади; чуқур ёғ тўйинтирувчи таъсирга эга бўлиб қуруқ ва мўрт терига эга беморларни даволаш учун яроқли.
Қўлланилиши
- псориаз, экзема (айниқса сурункали), ихтиоз, кучли лихенизация билан кечувчи чегараланган қичима, атопик дерматит, диффуз нейродермит;
- оддий ва аллергик дерматитлар;
- эшакеми, кўп шаклли экссудатив эритема;
- оддий сурункали темиратки (чегараланган нейродермит);
- бошқа ГКС билан даволашга берилмайдиган дерматозлар (айниқса қизил мўйловсимон темиратки), қизил ясси темиратки, тери дисгидрозида қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Фақат сиртга қўллаш учун буюрилади.
Сиртга қўллаш учун суртма кўринишидаги Новосалик препарати фақат силлиқ терида қўллаш учун мўлжалланган.
Новосалик суртмаси кунига икки марта қўлланади. Суртманинг оз миқдори бироз ишқалаб тери юзаси бўйлаб бир текис тақсимланади. Енгил ҳолатларда бир марта қўллаш етарли бўлади.
Узлуксиз даволаш курси давомийлиги одатда 3-4 хафта билан чегараланади. Давомлироқ даволаш курси зарурати бўлганида препаратни камроқ, масалан кунора қўллаш тавсия этилади. Сурункали касалликларни даволаганда касаллик қайталанишидан сақланиш учун даволашни барча симптомлар бартараф этилгандан кейин айрим вақт шифокор назорати остида давом эттириш керак. Бир йил давомида даволашни бир неча марта такрорлаш мумкин.
Ножўя таъсирлари
Ножўя кўринишлар одатда кучсиз характерга эга.
Ўта юқори сезувчанлик реакцияси (қичишиш, ачишиш ёки қизариш) ривожланиши мумкин. Кам ҳолларда бошқа глюкокортикостероидларни қўллагандаги каби акнесимон ўзгаришлар, гипопигментация, стриялар, тери атрофияси, гипертрихоз, телеангиэктазиялар, терининг иккиламчи инфекциялари ривожланиши мумкин.
Узоқ вақт узлуксиз ва терининг катта соҳаларида бетаметазонни маҳаллий қўллаш буйрак усти бези пўстлоқ қавати функциясини сусайиши билан боғлиқ тизимли ножўя кўринишларни чақириши мумкин.
Ўта юқори сезувчанлик реакциялари ёки ножўя кўринишлар пайдо бўлган ҳолларда даволашни бекор қилиш ва шифокорга мурожаат этиш керак.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Бетаметазон, салицил кислотаси ёки препаратнинг ҳар қандай ёрдамчи компонентига ўта юқори сезувчанлик.
Тери туберкулёзи, сифилиснинг тери кўринишлари, сувчечак, терининг вирусли инфекциялари, тери поствакцинал реакциялар, ўткир жароҳатлар, трофик яралар, розацеа, вульгар ҳуснбузар, 6 ойликкача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Бошқа дори воситалари билан клиник ишончли ўзаро таъсирлари аниқланмаган. Акнени даволаш учун косметологик ва дерматологик воситаларни, этанол сақловчи воситаларни ёки яққол қуритувчи самарага эга тиббий совунларни бир вақтда қўллаш айрим ҳолларда терини таъсирланишини чақириши мумкин.
Махсус кўрсатмалар
Новосалик суртма тери ва/ёки бошнинг сочли қисмида фақат сиртга қўллаш учун мўлжалланган.
Кўзлар ва шиллиқ қаватларга тушишидан сақланиш керак. Розацеа, периорал дерматит, тери атрофияси ва акне типида дерматит ривожланиши мумкинлиги туфайли, суртмани юз терисига узоқ вақт суртиш тавсия этилмайди. Препаратни аногенитал соҳада қўллашдан сақланиш керак.
Препаратни зарур бўлган ҳоллардан ташқари окклюзион боғлов остида қўллаш тавсия этилмайди. Терида замбуруғли ёки бактериал микрофлора ривожланган ҳолларда антибактериал ёки замбуруғларга қарши воситани қўшимча қўллаш зарур.
Ҳомиладорлик ва эмизиш даври
Ҳомиладорларда Новосалик препаратини она учун кутилаётган фойда ҳомила учун хавфдан юқори бўлган ҳоллардагина маҳаллий қўллашга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда препаратни қўллаш қисқа муддатли ва тери қопламаларининг катта бўлмаган соҳалари билан чекланиши керак.
Эмизиш даврида Новосалик препаратини қатъий кўрсатмалар бўйича қўллаш мумкин, лекин бунда препаратни эмизишдан олдин сут безлари соҳасига суртиш мумкин эмас.
Педиатрияда қўлланиши
Болаларда Новосалик препаратини (сиртга қўллаш учун суртма) қўллаш эҳтиёткорликнинг қатъий чораларига риоя қилган ҳолда иложи борича қисқа муддатли бўлиши керак, чунки болаларда тери қопламаси юзасини тана вазнига нисбатан катталиги ва эпидермисни етилиши тўлиқ эмаслиги туфайли фаол компонентларнинг пропорционал катта миқдорини тизимли сўрилиши хавфи мавжуд. Болаларда боғлов остида ва айниқса пластик тагликлар остида қўллаш мумкин эмас, бу нохуш кўринишлар ривожланиши хавфини ошириши мумкин.
Транспорт воситалари ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири
Новосалик препаратини транспорт воситалари ва механизмларни бошқариш қобилиятига салбий таъсири ҳақида маълумотлар йўқ.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Бетаметазон ва салицил кислотасини узоқ вақт узлуксиз, айниқса болаларда, терининг катта соҳаларида, бутунлигини бузилиши бўлган терида ёки окклюзион боғлов остида қўллаганда фаол компонентларни сўрилишини кучайиши ва тизимли самараларни намоён бўлиши инкор этилмайди. Бундай ҳолларда препаратни бекор қилиш ва симптоматик даволаш тавсия этилади.
Чиқарилиш шакли
Сиртга қўллаш учун суртма 30 г дан тубаларда. Бир туба қўллаш бўйича йўриқномаси билан картон қутида.
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Музлатилмасин.
Яроқлилик муддати
3 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецептсиз.