ЗЕВАРСОЙ — Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги сой, юқори оқимида Дивлонсой, ўрта оқимида Дивлоқсой деб ҳам аталади. Киштут сойининг охирги чап ирмоғи. Ҳисор тизмасининг жан. тармоғи — Қолдирға тоғининг шим. ғарбий ён бағирларидан оқиб тушадиган 20 та ирмоқнинг қўшилишидан ҳосил бўлиб, ғарбий йўналишда оқади. Уз. 18 км, ҳавзасининг майд. 95 км2. Қор, ёмғир ва булоклардан сув олади. Ўртача йиллик сув сарфи 1,8—2,0 м3/ сек. 3. да фев. охиридан суви кўпая бошлайди, май—июнда энг серсув бўлиб, куз ва қишда суви камаяди. 3. дан Зевар қишлоғи сув ичади ва унинг атрофидаги ерлар суғорилади.