ЗАГОРСК ТОВУҚ ЗОТЛАРИ

ЗАГОРСК ТОВУҚ ЗОТЛАРИ — гўшт-тухум йўналишидаги зотдор товуқлар гуруҳи. Собиқ Иттифоқ Паррандачилик и. т. ва технология ин-тида 20-а. нинг 50-й. ларида рус оқ товуғи, юрлов, нью-гемпшир ва род-айленд зотларини чатиштириб чиқарилган. Йирик, этдор, тожи гулсимон оқ товуқ ва тожи япроқсимон сарғиш-жигарранг гуруҳларга бўлинади. Товуғининг вазни ўртача 3,5—4 кг, хўрози 4,5—5 кг. Товуғи йилда 160—180 та тухум қилади. Тухуми 58—60 г. Жўжа товуғи 180 кунлигидан тухумга киради. Ўзбекистонда ҳам боқилади.