ЗАВҚИЙ

ЗАВҚИЙ (тахаллуси; асл исмшарифи Убайдулло Солиҳ ўғли) (1853 — Қўқон — 1921) — ўзбек шоири. Қўқондаги «Мадрасаи олий» ва «Мадрасаи чалпак»да таҳсил олган (1870—74). Махсидўзлик билан шуғулланган. Маълум муддат мирзалик қилган, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ўш, Андижон, Марғилон ш. ларида бўлган. Тоғаси Муҳаммад Сиддиқ билан Мадинани зиёрат қилган (1900). 1903 й. Қўқонга қайтган. 3. мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттирган, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Нодим, Рожий каби намояндалари билан ижодий ҳамкорлик қилган. Завқийнинг ғазал, мухаммас, мувашшахлари («Айлаб келинг», «Радифи Завқий» ва б.)да ўзи яшаган муҳит ва тузум, меҳнат ахлининг аҳволи тасвирланган. У турмуш алам-изтироблари, ҳижрон азобига висол умиди, вафодорлик, садоқат туйғуларини қарамақарши қўяди («Юзингни кўрсатиб аввал», «Бодаи васлинг» ва б.), кишиларни турмуш гўзалликларидан завқланишга, уни севишга чорлайди. Завқийнинг бир қанча шеърлари («Каждор замона», «Ажаб замона», «Абдураҳмон шайтон» ва б.)да мустамлака тузумидаги ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик, чор маъмурияти ҳимоясида бўлган айрим нопок амалдорларнинг кирдикорлари фош этилади. Завқийнинг «Мунча кўп» радифли ҳамда «Ажаб замондур, аҳбоб, бош қотиб қолди» мисраси билан бошланувчи мухаммаслари 19-а. бошлари шеъ-риятидаги энг ўткир ижтимоий асарлари жумласига киради. 3. ижодий меросида ўзбек қишлоқларининг аҳволи, деҳқонлар ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади («Янги Қўрғон қишлоғи», «Сув жанжали», «Шоҳимардон саёҳати» ва б.). Бу асарлар Муқимийнинг «Саёҳатнома»си таъсирида ёзилган. 3. Муқимийнинг ҳажвчилик йўлини давом эттириб, ўзбек адабиётида ҳажвий йўналиш тараққиётига катта ҳисса қўшди («Обид мингбоши ҳақида ҳажв» ва б.). З. нинг «Воқеаи қози сайлов» (1909—10), «Қаҳатчилик» (1916) каби асарларида ижтимоий адолатсизлик фош этилади, халқнинг зулмга қарши намойишлари акс эттирилади. «Ажаб эрмас» радифли мухаммаси 20-а. бошлари ўзбек шеъриятида муҳим ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асоратида эзилаётган юртнинг бахтли келажаги ҳақида фикр юритди. Ижтимоий ҳаётдаги айрим носозликлар, кишилар фаолиятидаги салбий ҳоллар устидан бир қатор шеърлари («Таърифи калиш», «Отим», «Фонус», «Сигирим», «Пашшалар» ва б.)да заҳарханда билан кулади.

Шоирнинг ишқий ғазал ва мухаммаслари ўша даврларданоқ халқ ҳофизлари томонидан куйга солиниб, ижро этилган («Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай?!», «Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг» ва б.). З. нинг шеърлари турли баёз, мажмуа, вақтли матбуот ҳамда оғзаки манбалар орқали бизгача етиб келган. Қўқон ш. даги бир маҳалла, қишлоқ, мактаб ва кўчага 3. номи берилган.

Ас: Танланган асарлар, Т., 1958.

Ад.: Раззоқов Ҳ., Завқий ҳаёти ва ижоди, Т., 1965; Абдуғафуров А., Ўзбек демократик адабиётида сатира, Т., 1961.

Абдурашид Абдуғафуров.