ЗАРИАДР ВА ОДАТИДА

«ЗАРИАДР ВА ОДАТИДА» — Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган эпик асар. «3. ва О.»да тасвирланишича, Мидия шоҳи Гуштасп (Виштасп)нинг укаси Зариадр, скифлар шоҳи Омаргнинг қизи Одатида бирбирини тушида кўриб, севиб қоладилар. Зариадр совчи юборади, аммо Омарг ёлғиз қизини бегона юртга узатишни истамай, унинг таклифини рад этади. Бир куни Омарг зиёфат уюштиради, қизига шу ерга ташриф буюрганлардан муносибини куёвликка танлашни ва бунинг рамзи сифатида куёвга май тўла тилла қадаҳ тутишни таклиф этади. Қиз йиғилганлар орасидан Зариадрни қидиради, чунки унга хабар бериб улгурган эди. Зиефатга скиф кийимида Зариадр етиб келиб, ўзини қизга танитади. Одатида қўлидаги қадаҳни унга тутади. Зариадр қизни отаси Омарг ҳам билмайдиган жойга олиб кетади.

Асарда севги ва эрк масаласи бош мавзу бўлиб, оила қуришда йигит ва қиз муҳаббати инобатга олиниши лозимлиги таъкидланган. Одатиданинг ўз севгисига садоқати, қатъий иродаси ва Зариадрнинг вафодорлиги, мардлиги ўртадаги тусикларни енгишга, мақсадларига эришувига олиб келган. Қисса рассомлар диққатини ҳам жалб этган. Қадимда ибодатхона, сарой ва айрим хонадонларнинг деворий расмлари шу мавзуда бўлган. Қиссанинг мазмуни антик давр муаллифи Атеней (мил. 2—3а.)нинг «Софистлар тушлиги» китобида келтирилган Харес Митиленский (мил. ав. 4а.)нинг ҳикояси орқали бизгача етиб келган. «3. ва О.» сюжети ва мазмуни туркийларнинг кейинги асрларда яратилган «Ўғузнома», «Алпомиш» ва б. халқ оғзаки поэтик ижоди намуналарида, шунингдек, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарларида ҳам ўз ифодасини топган.

Ад.: Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи, 1китоб, 2нашр. Т., 1965.