ЗАРГАРЛИК САНОАТИ

ЗАРГАРЛИК САНОАТИ — юксак бадиий ишлов бериш йўли билан нодир металлар ва қимматбаҳо тошлардан, шунингдек, бошқа металлардан буюмлар, тақинчоқлар ишлаб чиқарадиган саноат тармоғи. Заргарлик саноатида хом ашё сифатида қимматбаҳо ва рангли металлар (платина, олтин, кумуш ва б.), уларнинг қотишмалари, қимматбақо ва ярим қимматбаҳо тошлар (феруза, фионит, олмос, ақиқ, зумрад, ёқут), табиий тошлар, пластмасса, суяк, эмаль, шиша ва б. ишлатилади.

Ўзбекистонда Заргарлик саноати корхоналари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қўмитаси ҳузуридаги «Фонон» илмий и. ч. бирлашмаси таркибида. Уларнинг йириклари: «1Тошкент заргарлик корхонаси», «2сонли заргарлик заводи», «Hyp» давлат бадиий заргарлик маркази, «3сонли заргарлик заводи», «Кумуш» Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси, «ЭйшнРейз» Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси (Тошкент ш.), Шахрисабз заргарлик корхонаси (Шаҳрисабз ш.), Бурчмулла заргарлик зди (Бурчмулла қишлоғи). 1992 й. да ишга тушган Зарафшон шаҳридаги Навоий заргарлик зди (аввалги «Зариспарк» Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси) республикадаги етакчи заргарлик корхонаси ҳисобланади.

Бу корхоналар 585 ва 750 асиллик даражали (пробали) тилла қотишмаси, 925 асиллик даражали кумуш қотишмасидан турли хилдаги заргарлик буюмлари (сирға, узук, заргарлик занжирлари, совғабоп маҳсулотлар, кумушдан ясалган ошхона анжомлари, юқори бадиий сифатга эга бўлган заргарлик буюмлари, якка буюртмалар, янги заргарлик буюмларининг моделлари)ни ишлаб чиқаради. Шахрисабз ва Бурчмулла заргарлик корхоналарида заргарлик буюмларини и. ч. билан бирга қимматбаҳо ва қимматбаҳо бўлмаган тошларга қиррали ишлов берилади. «Фонон» ИИБ илмийтехника лаб. ларида заргарлик соҳасида ишлатиладиган турли рангдаги сунъий кристаллар ўстирилади.

Заргарлик саноати корхоналари билан бир қаторда Республикада буюртмачининг ашёсидан заргарлик буюмлари тайёрлаш ва уларни таъмирлаш билан шуғулланувчи заргарлик устахоналари ва якка тартибда ишловчи заргарлар ҳам фаолият кўрсатмоқда (қ. Заргарлик). Республикада ишлаб чиқариладиган ва четдан келтириладиган Заргарлик саноати маҳсулотлари сифати ва асиллик даражасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 й. 8 фев. даги фармони б-н ташкил қилинган Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси назорат қилади. 2001 й. 7 дек. да «Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. 1999 й. нинг 4июнида Ўзбекистон Республикасининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси Асиллик даражаси палаталарининг Европа уюшмасига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди.

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг софлигини текшириш ва тамғалаш Халқаро конвенциясига кириш масалалари билан 1996 й. дан шуғулланиб келади ва кузатувчи мамлакат мақомида унинг барча кенгашларида қатнашади.

Ўзбекистон Заргарлик саноатида хом ашё сифатида ишлатиладиган рангли металлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар республиканинг ўзидаги саноат корхоналарида ишлаб чиқарилади ва конлардан қазиб олинади.

Хорижда Заргарлик саноати ривожланган мамлакатлар қаторига АҚШ, Италия, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Украина, Ҳиндистон, Хитой ва б. мамлакатлар киради.

Дилшод Миртолипов.