ЗАРДОБ КАСАЛЛИГИ

ЗАРДОБ КАСАЛЛИГИ — даволаш ёки махсус — серопрофилактика мақсадида одам организмига бегона оқсил (ҳайвонларнинг иммун зардоблари) юборилганда рўй берадиган аллергик реакция. Илгари тегишли зардоб (мас, қоқшол ёки дифтерияга қарши зардоб) қабул қилмаган кишиларда ушбу зардоблардан бири юборилгандан кейин, одатда, 8—12 кун ўтгач, баъзан эса бир неча дақиқадан сўнг Зардоб касаллигининг белгилари пайдо бўлади. Аввал укол қилинган жой ва унинг атрофига, кейин бутун баданга эшакемга ўхшаш тошма тошади, қичишади, бемор иситмалайди, укол ўрни атрофидаги, сўнгра бошқа лимфа тугунлари катталашади, бўғимлар, бош ва юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлади, баъзан бош мия шикастланишига хос ўзгаришлар (коллапс, ҳушсизлик, тиришиш ва б.), буйрак ва б. аъзолар функцияларининг бузилиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик бир лаҳзада ўтиб кетиши ёки ботбот қўзиб туриши мумкин. Беморда пайдо бўлган ўзгаришларга қараб кальций препаратлари, оғир ҳолларда эса кортикостероидлар ва б. буюрилади (яна қ. Серотерапия). Бемор ўз вақтида шифокорга кўриниб, керакли доридармонларни қабул қилса, тузалиб кетади.