ЗАРАУТСОЙ РАСМЛАРИ

ЗАРАУТСОЙ РАСМЛАРИ — Ўзбекистон ҳудудидаги энг қад. қоятош расмлари. Ҳисор тизмасининг жан. ғарбида. Кўҳитанг тоғининг шарқий ён бағридаги Зараутсой дарасидаги унгир ва камар тошларига ишланган ибтидоий санъатнинт нодир намуналари. Сурхондарё вилоятида, Термиздан 100 — 110 км шим. ғарбда. 1912 й. да И. Фёдоров томонидан топилган. Археолог Г. Парфёнов (1940—45), кейинчалик А. Рогинская (рассом), А. Формозов, А. Кабировлар томонидан ўрганилган. 200 дан ортиқ расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Расмлар чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган. Зараутсой расмларида одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, ёввойи чўчқа, бурама шохли эчки, жайран, тог эчкиси, ҳашарот ва б.), турли буюмлар (ўқёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ва б. ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган. Зараутсой расмлари ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги сифатида ёдгорликларни муҳофаза қилиш «қизил китоб»ига киритилган.

Ад.: Рогинская А., Зараутсай М. —Л., 1950; Пугаченкова Г. А., Рем пель Л. И., Выдающиеся памятники изобразительного искусства Узбекистана, Т., 1960; Формозов А. А., Очерки по первобытному искусству, М., 1969.