ЗАРАФШОН ТИЗМАСИ

ЗАРАФШОН ТИЗМАСИ — Помир-Олай тоғларига мансуб тоғ тизмаси. Зарафшон дарёсидан жан. да, Мастчоҳ (Кўксув) тоғ тугунидан бошланиб, Туркистон тизмасига параллел ҳолда шарқцан ғарбга 420 км га (Жом чўлигача) чўзилган. Герцин бурмаланишида ҳосил бўлган, кейинчалик емирилган ва учламчи даврда қайта кўтарилиб ҳоз. қиёфага келган. Замини асосан палеозой оҳактошлари, кристалли сланецлар ва қисман гранитлардан (ғарбида) тузилган. 3. т. да қоя, тик жарлик ва чуқур водийлар кўп. Оҳактошли жойларида карст ҳодисалари учрайди. 3. т. нинг ғарбий қисмидаги Қирқтоғ платосида (Зиёвуддин тоғлари яқинида) Ўрта Осиёда энг чуқур, дунёдаги йирик карст ғорларидан бири Кили (ёки Киев) ғори (тубидаги кўл б-н бирга чуқ. 950 м) жойлашган. Тизманинг шарқий қисми Мастчоҳ ва Яғноб дарёлари ҳавзаларини, ғарбий қисми Зарафшон ва Қашқадарё қавзаларини бирбиридан ажратиб туради. Шарқий қисмининг ўртача бал. 4000—4500 м.

3. т. да бир қанча бўйлама депрессия (грабен) ва кўндаланг водийлар мавжуд. Зарафшон дарёсининг ирмоқлари — Фондарё, Киштутсой, Мағиёндарё 3. т. ни кўндаланг кесиб ўтиб, тизмани уч қисмга бўлади. Фондарёгача бўлган шарқий камбар қисми Мастчоҳ тоғлари деб аталади, унда қиррали чўққи кўп. Шим. ён бағри қия, жанубийси тик. Бал. 4500—5000 м, энг баланд жойи Тутак чўққиси, 5433 м. Баланд қисмида қор ва музлик кўп. Шаркда Фондарё ва ғарбда Киштутсой оралиғида Фон тоғлари жойлашган. Шим. ён бағри (Зарафшон водийси томон) тик ва қояли бўлиб, жан. Ҳисор тоғларига туташиб кетади. Сланец ва оҳактошларидан тузилган шим. ён бағрида ёриқ кўп. Бу ёриклар ташқи кучлар таъсирида кенгайиб бормоқда; тоғларда кўчкилар бўлиб туради. 3. т. нинг кичикроқ музликлар билан қопланган энг баланд Чимтарға чўққиси (5489 м) шу қисмида. Музликларнинг умумий майд. 307 км2. Киштутсойдан ғарбга томон тоғ пасайиб, у ерда ўртача бал. 2500 м бўлган платосимон тоғлар бор. Мағиёндарёдан Тахтақорача довонигача Чақаликалон тоғи давом этади, унинг шарқий кисми баланд, шим. ён бағри тик. Довоннинг ғарбидаги Қоратепа тоғи ғарбга томон пасая бориб, бал. 500—600 м ли адирлар б-н тугайди. Адирлар Каттақўрғон ш. дан жан. да баландлаша бориб, Зирабулоқ тоғларига туташади. Зирабулоқ ва Зиёвуддин тоғлари 3. т. нинг ғарбий давомидир. 3. т. иқлими континентал. Тоғ олди қияликлари ва ён бағирларининг иклими иссиқ ва қуруқ, юқорига кўтарилган сари иқлими салқинлашади ва ёғин кўпаяди. Янв. нинг ўртача траси пастроқ қисмида —0,5° дан 2° гача, 2500 — 3000 м баландликда эса —6° дан —10° гача. Июлнинг ўртача траси паст жойларда 25—29°, баланд қисмида эса 15 — 18°. Максимум тра 40—42°. Йиллик ёғин миқдори 200—400 мм.

Тоғ ён бағирлари сийрак ўрмон (асосан арчазор) билан қопланган. Тоғнинг 800 м гача бўлган ва лёсс ҳамда лёссли қумлоқ жинслардан тузилган қисмларида оддий ва типик бўз тупроқ, 800—1500 м баландликда қўнғир бўз тупроқтарқалган. 1500—2000 м баландликда тоғ ўрмондашт минтақасидаги жигарранг ва жигаррангқўнғир тупроқларда заранг, арча, ёнғоқ, бодом, қатранғи, писта, дўлана, итбурун, чия ўсади. 2500—3000 м баландликлар субальп минтақасидан иборат, у ерларда мушукқуйруқ, қўнғирбош, оқсўхта, коврак, бетага ўсади. 3000 м дан баланд қисмидаги альп минтақасида тўқ қўнғир ва қўнғир ўтлоқи, ўтлоқи тупроқларда оқмомиқ, тўнғизсирт, сувранг, чойўт, чалов, бетага, қизилтикан, пахтак ўсади.

3. т. даги ўрмон ва бутазорларда ўрмон каламуши, олмахон учрайди, альп минтақасида эса қизил думли суғур, қизил пишчуха, кулранг сассиқкўзан, тибет бургути, каптар, силовсин, тош сувсари, жайра, ёввойи эчкилар яшайди.

3. т. яйловларидан чорвачиликда кенг фойдаланилади. Дарё водийларида қишлоқлар, экинзорлар, боғлар бор.

Ад.: Баратов П., Орография долины реки Зарафшон, в сб. «Вопросы изучения и использования природы и природных ресурсов Средней Азии и сопредельных стран», Т., 1970.