ЗАНЖАБИЛДОШЛАР

ЗАНЖАБИЛДОШЛАР (Zingiberaceae) — бир паллалилар синфига мансуб йўғон илдизпояли ёки тугунак илдизли кўп йиллик ўтлар оиласи. Пояси жуда қисқа ёки бўлмайди, новдасининг ривожланган қисми сохта поя вазифасини ўтайди. Барглари йирик, наштарсимон, очиқ қинли, тилчали, икки қатор жойлашган. Тўпгули бошоқсимон ёки рўваксимон. Гуллари зигоморф, қўш гулқўрғонли, икки жинсли, баъзан айрим жинсли ва икки уйли. Косача ва тожбарглари учтадан. Чангчиси битта, қолганлари редукцияланган. Тугунчаси остки, бир ёки уч уяли, тўғри уруғкуртакли. Меваси кўпинча уч паллага ажраладиган кўсакча ёки резавормева. 1300 турни ўз ичига олган 45 туркуми бор. Асосан, тропик ва субтропикларда тарқалган. Жан. ва Шарқий Осиёда ҳам учрайди. 3. ер ости танасининг ҳамма қисмида эфир мойи бор. Занжабил, кардамон, калган ва б. турларидан зиравор олинади, ошловчи ва бўёқ моддалар тайёрланади.