ЗАФАРНОМА

«ЗАФАРНОМА», Фатҳномайи Темурий, Тарихи Жаҳонгушойи Темурий — Амир Темур давлати тарихига бағишлаб ёзилган асар. Шарафиддин Али Яздий томонидан Иброҳим Султон фармонига кўра, 1419 — 25 й. ларда Шерозда форс тилида ёзилган. «3.» аслида «Фатҳнома» ёки «Фатҳномайи Темурий» ёки «Тарихи Жаҳонгушойи Темурий» деб номланган бўлсада, Низомиддин Шомийнинт «Зафарнома»сига мазмунан яқинлиги туфайли кейинчалик «3.» номи билан шуҳрат топган. Асар 2 қисмга: Темурдан олдинги давр тарихидан умумий тарзда сўзловчи «Муқаддима» ва Темур даври тарихини ёритувчи асосий қисм «Зафарнома»га бўлинади.

Муаллифнинг таъкидлашича, Иброҳим Султон ўз бобоси Амир Темур ҳақида махсус китоб ёзилишини ният қилган ва 1419—20 й. ларда ўз вақтида котиблар, бахши, муншийлар томонидан Темур ҳақида ҳам туркий, ҳам форсий тилларда ёзиб қолдирилган мавжуд маълумотларни йиғиб келтириш ҳақида фармон чиқарган. Бу иш амалга ошгач, мазкур маълумот — ҳужжатларни ўрганишга киришилган. «Зафарнома»нинг сўз бошида қайд этилишича, Амир Темур ҳақидаги туркий ва форсий тилларда баён қилинган ҳикояларнинг ҳамма шеърий ва насрий нусхалари тўплангач, маълумотлар билан танишиш учун учта гуруҳ тузилган. Туркий ва форсий тилларнинг билимдонлари икки гуруҳни, воқеаларни ўз кўзи билан кўрган шоҳидлар эса бир гуруҳни ташкил қилган. Дастлаб Темур ҳақидаги ҳар бир ҳикоя ўқилган, агар унинг мазмуни воқеаларни ўз кўзи билан кўрган шоҳиднинг талқинига тўғри келмай қолса, Иброҳим Султон ҳақиқатни тиклаш учун турли шаҳарларга чопарлар юбориб, мазкур воқеани Темурнинг яна бошқа замондошларидан суришТирган ёки қўшимча маълумотлар тўплаган. Шу қўшимча ҳикоятларни ҳам тинглагач, Иброҳим Султон айтиб турган ва котиблар ёзиб борган. Шу тарзда асарнинг дастлабки хомаки нусхаси тайёрланган. Шарафиддин Али Яздий ана шу хомаки нусха асосида «3.» асарини ёзган. Иброҳим Султоннинг қатъий буйруғига биноан китоб-ни ёзиш вақтида саналар, жой номлари, улар орасида масофа ўлчовлари ҳақидаги барча маълумотлар жуда синчиклаб текширилган. Шарафиддин Али Яздийдан эса асарни жонли тил б-н тушунарли қилиб ёзиш талаб этилган ва шунингдек, у хужжатларга қатьий риоя қилиши, Иброҳим Султоннинг бевосита шахсий назорати остида тузилган дастлабки хомаки ёзувдан асло четга чиқмаслиги ҳамда ҳеч нарсани бўяб кўрсатмаслиги шарт қилиб қўйилган. Асар тилуслуб жиҳатдан форс тилининг ўша 15а. адабий услубини мукаммал билган саводхон учун мўлжалланган. Асарнинг муқаддима қисмини Шарафиддин Али Яздийнинг ўзи «Тарихи Жаҳонгир» деб номлаган, лекин «Муқаддима» деб машҳур бўлиб, «3.» нинг ажралмас қисми ҳисобланган. Шу билан бирга, ҳажми катта бўлганлиги туфайли бўлса керак, қўлёзма нусхаларда алоҳида мустақил асар сифатида ҳам тарқалган. У сўз боши, икки фасл ва хотимадан иборат. «Муқаддима»дан кўзда тутилган мақсад Темур шажарасини баён этиш ва унинг ўзидан олдин ўтган ҳукмдорлардан давлат арбоби ва лашкарбоши сифатидаги устунлигини исботлаб беришдан иборатдир.

«3.» асарининг асосий қисми эса, муаллифнинг дастлабки режасига кўра, учта мақоладан иборат бўлмоғи лозим эди. Биринчи мақола Темурга, иккинчиси унинг ўғли Шохрухга ва учинчиси Шоҳрухнинг ўғли Иброҳим Султонга бағишланиши кўзда тутилган эди. Бироқ «Зафарнома»нинг ҳоз. фанда маълум бўлган қўлёзма нусхаларида кейинги икки мақола йўқ, улар ёки ёзилмаган, ёки бизгача етиб келмаган.

15 — 16а. ларда «3.» қаҳрамонлик қиссаси жанрида икки марта шеърий йўл б-н: ўзбек тилида шоир Лутфий ва форс тилида Ҳотифий томонидан куйланган. 16а. бошларида шайбонийлардан Кўчкунчихоннинг топшириғига мувофиқ, Муҳаммад Али ибн Дарвеш Али Бухорий томонидан «3.» ўзбек тилига таржима қилинган. Бу таржима 1997 й. Тошкентда изохдар ва кўрсаткичлар илова қилинган ҳолда чоп этилган. Адабиётларда Ҳофиз Муҳаммад ибн Ахмад алАжамий томонидан асарнинг турк тилига таржима қилинганлиги ҳақида маълумот бор. Булардан ташқари «3.» 1822—23 й. ларда Хивада Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Сўфи алХивақий томонидан ўзбек тилига қисқартириб таржима қилинганлиги ҳам маълум. 18а. дан бошлаб «Зафарнома»нинг айрим қисмлари француз (Круа, 1713), инглиз (Ж. Дарби, 1723), айрим воқеалар рус тилига ҳам таржима қилинган. Асарнинг форсча матни эса 1887—88 й. ларда Калькутта, 1958 й. Теҳронда чоп этилган, бироқ бу нашрларда асарнинг «Муқаддима» кисми ҳамда зарурий кўрсаткичлар берилмаган. 1972 й. Тошкентда асарнинг ҳар икки қисмини қамраган Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интида сақланаётган 4472рақамли қўлёзманинг факсимил нашри амалга оширилди. Бунда тарихий манбалар илмий нашр учун зарурий бўлган бош сўз ва турли кўрсаткичлар билан бирга асар матнининг ҳар хил нусхалар ва нашрлар орасидаги фарқлари ҳам қайд этилди. Шўролар давлатида Амир Темур шахсига нисбатан ўта салбий хулоса ўрнашганлиги сабабли матбуотда темурийлар даври ёзма меросини ўрганиш иши қаттиқ таъқиб қилинди, баъзи асарлар билан бирга «3.» ҳам қораланди.

Ўзбекистон мустақил давлат бўлиши шарофати билан темурийлар тарихини ҳаққоний ёритиш учун кенг имкониятлар пайдо бўлди.

Ад.: Шарафиддин Али Яздий, Зафарнома [фотофаксимил нашр], Т., 1973; Шарафиддин Али Яздий, Зафарнома, Мовароуннаҳр воқеалари, 1360—1370 [таржимон: О. Бўриев], Т., 1994; Шарафиддин Али Яздий, Зафарнома, [таржимон: Муҳаммад Али ибн Дарвеш Али алБухорий, 16а. ], Т., 1997.

Асомиддин Ўринбоев.