ЮСУПОВ Муҳаммадсоли Абдуллаевич

ЮСУПОВ Муҳаммадсоли Абдуллаевич (1955.11.1, Тошлоқ тумани) — актёр, реж., педагог. Ўзбекистон халқ артисти (1999). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тининг актёрлик (1977) ҳамда реж. лик (1997) фтларини тугатган. 1977—78 йиллар мазкур Ин-тда ўқитувчи, 1979 йилдан Фарғона театрида актёр, реж. (1995 йилдан бош реж.). «Кулги зарби спектаклидаги Сулаймон қори унинг саҳнадаги илк образидир. «Ричард III» (У. Шекспир)даги Глостер, «Фарҳод ва Ширин» (С. Абдулла, Б. Бровиин) даги Ёсуман образлари талқин ва ижро жиҳатидан янгича услубга эга эканлиги билан ажралиб туради. Юсупов Қўчқор («Темир хотин»), Диктатор («Ҳокими мутлоқ»), Мамат («Нурхон»), Бухенвальд («Бир ўликка бир тирик»), Асомбой («Тошкентга саёҳат»), Тўхтамишхон («Амир Темур ва Тўхтамишхон») каби роллари билан шуҳрат қозонди. Қаҳрамон ички ҳолатини очиб бера олиш, миллий қизиқчилик санъати билан йўғрилган ижро услуби ажралиб туради. Юсупов кинода Холмат («Бомба»), Қўчқор («Масхарабоз»), Ўқитувчи («Ўқитувчи»), видеофильмда Солиҳ маҳдум («Меҳробдан чаён»), телефильмда Афанди («Афандининг беш хотини») ролларини ҳам ўйнаган. «Курорт» (Ў. Умарбеков), «Олтин сиртмоқ» (Х. Тўхтабоев), «Амир Музаффар» (И. Қобулов), «Осмонга сиғмаган муҳаббат» (Й. Сулаймон), «Сеҳрланган паризод» (В. Рабадан), «Кампир топайми, дадажон?» (А. Хурсандов), «Тикансиз типратиканлар» (Ш. Бошбеков), «Жонимнинг малҳами» (О. Ҳакимов), «Амир Темур ва Тўхтамишхон» (Т. Мирзо) каби спектаклларни саҳналаштирган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).