ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Қобилжон (1942.25.7, Олтиариқ тумани) — Ўзбекистон халқ ҳофизи (2004). Фарғона пед. интини тугатган (1965). Олтиариқ тумани маданият уйида бадиий раҳбар (1965 — 77), мусиқа раҳбари (1988 йилдан), Фарғона давлат филармониясида яккахон хонанда (1977—88). Ю. Маматбува ҳофиз, Ж. Султонов, М. Узоқовларнинг ижрочилик анъаналарини давомчиси бўлиб, узоқ йиллар мобайнида М. Орифжонов ва И. Исҳоқовлар билан ҳамнафаслик қилган. Ширали, майин, баланд ва кенг нафас овоз соҳиби. Репертуаридан катта ашула («Доғман», «Оҳким», «Ёлғиз», «Ўзбекистон» ва бошқалар), мумтоз ва замонавий бастакорлар ашулалари («Гиря», «Сувора», «Муножот», «Айрилмасун», «Фиғонким», «Фарғона тонг отгунча», «Намоён қил»), ФарғонаТошкент мақом йўллари («Ушшоқ», «Дугоҳи Ҳусайний», «Баёт» ва бошқалар) ва халқ қўшиқлари («Гулдаста тутинг», «Лолазор» каби) ўрин олган. Ижролари грампластинка ва Ўзбекистон радиоси фонотекасига ёзилган.