ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Зайнобиддин (1923.1.1 Марғилон — 1992.30.10) — қизиқчи ва аскиячи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1989). Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг ўғли. Охунжон қизиқ Ҳузуржоновдан таълим олган: 1940 йилда Тошкентда ўтказилган қизиқчиларнинг биринчи республика қўриктанловида иштирок этган. Отаси ҳаётлигидаёқ укаси Мадаминжон Юсупов (1935—1993)ни ёнига олиб, аския, майда қизиқчиликлар билан танилди. 60-й. ларда Фарғона театрида актёр, чолғу ансамбли раҳбари бўлиб ишлади. «Тоҳир ва Зуҳра» да сандиқсоз, «Нурхон»да Ҳузурхўжа, «Майсаранинг иши»да Мулладўст, «Аршин мол олон»да Вали каби роллар ижро этди. 70-й. ларда Марғилон халқ театрида, 1978 йилдан Фарғона филармониясида қизиқчи ва чолғучи бўлиб ишлайди. 1986 йилда аскиячи ва қизиқчиларнинг Қўқонда ўтказилган республика кўриктанловида ўзи ташкил этган «Марғилон хандаси» уюшмаси билан қатнашди. Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсуповлар, Мамасиддиқ Ширяев, Орифжон Усмонов ижросида Қўқон ва Тошкентда кўрсатилган «Табиблик» (асли «Хитой табиб») ва «Дорбозлик» оғзаки комедиялари янгича жаранглади. 1988 йилда улар Тошкентда «Кулги маркази»нинг очилишида «Эрка ўғил» комедиясини намойиш этдилар. Юсупов қизиқчиликда, аскияда ҳам сўзни терибтериб, донадона ва жарангдор қилиб ижро этар, сўзларнинг таг маъноларини томошабинларга тушунарли шаклда етказарди. «Ширинликлар», «Футбол» пайровларида моҳир бўлган.

Муҳсин Қодиров.