ЮСУФ ВА ЗУЛАЙҲО

«ЮСУФ ВА ЗУЛАЙҲО» — Шарқ халқлари орасида машҳур ва кенг тарқалган ишқ қиссаси, достон. Асл манбаи — илоҳиймуқаддас китоблар: Таврот, Инжил ва Қуръони карим. Қуръондаги талқини бирмунча ихчам ва бадиий шаклланган. Тавротдагиси фольклорга яқин ва қадимий Миср афсоналарига бориб тақалиши тахмин қилинади. Шарқда кенг тарқалган қиссанинг бу варианти Қуръони каримнинг «Юсуф» (12) сураси асосида шаклланган бўлиб, жамики «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» қисса ва достонларининг илҳом манбаи ушбу сурадир. Ушбу қисса Қуръонда «аҳсан улқисас» («қиссаларнинг энг гўзали») дея таърифланади (қ. Юсуф).

Мазкур қисса даврлар ўтиши билан Шарқда гўзал адабиёт намунаси сифатида кенг тарқалди, кўплаб янги воқеалар билан бойиб, алоҳида асар ҳолида қаламга олина бошлади. Шарқда (9-асрдан) 150 дан ортиқ «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» достону қиссалари яратилди. Хусусан, энг машҳурлари қаторида Фирдавсий, Абулмуаййид Балхий, Шаҳобиддин Амъақ, Шоҳин Шерозий, Абдуллоҳ Ансорий, Хожа Масъуд Ироқий, Абдураҳмон Жомий ва бошқаларнинг қиссадостонларини кўрсатиш мумкин. Худди шунингдек, турли даврларда туркий адабиётда ҳам шу мавзуда 50 га яқин асар ижод қилинган. Жумладан, Қул Али, Носириддин Рабғузий, Ҳайдар Хоразмий, Мулла Юсуф Ёркандий, Нозим Ҳиравий, Сайқалий, Хиромий, Салоҳий, Андалиб, Ҳозиқ каби ижодкорлар қисса ва достонлар битганлар.

Асарнинг кенг тарқалиши ва шуҳрат қозонишига асосий сабаб унинг мазмунмоҳиятидаги муҳаббат талқинидир. Асар «Юсуф ва зулайҳо ва 3.», «Қиссаи Юсуф алайҳиссалом» ёки «Қиссаи Юсуф пайғамбар» дея турлича номланишига ва турли даврларда, турли ижодкорлар томонидан ёзилишига қарамай, унда ишқ мавзуи суфиёна талқиннинг энг жозибадор намунаси бўлиб қолаверди. Шу билан бирга, «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» достонлари ўзига хос соф инсоний муҳаббатни тараннум этувчи дунёвий адабиёт намунаси ҳамдир. Мас, Дурбекка нисбат бериб келинган Хоразмийнинг «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» достонида (1409) Ўрта Осиё халкдарининг турмуш тарзи, ошиқларнинг муҳаббат тўла саргузаштлари жуда ёрқин бўёқларда гўзал тасвирланган. Умуман, даврлар ўтиши билан «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» достони сюжети асосида яратилган асарларда ўз даврининг турли ахлоқий ва фалсафий қарашлари, ижтимоий ва сиёсий тушунчалари акс этиб бораверди.

Ушбу сюжет асосида асарлар яратиш 20-асрда ҳам давом этди. Хусусан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий «Қироат» китобида бу қиссани содда тил билан қисқача ҳикоя қилган, Нозим Ҳикмат «Гўзал Юсуф» пьесаси, Рамз Бобожон «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» мусиқали драмасини яратди. Жомийнинг «Юсуф ва зулайҳо ва 3.» асари 19-асрда Огаҳий томонидан ўзбекчага таржима қилинди. Ғарб адабиёти ҳам бу сюжетга мурожаат қилган (Т. Маннинг «Юсуф ва унинг акалари» тетралогияси, 1933—43).

Ад.: Қуръони карим, Т., 1992; Маллаев Н ., Ўзбек адабиёти тарихи, 1-китоб, Т., 1963; Ўзбек адабиёти тарихи [5ж. ли], 1ж..,Т., 1977; Алишер Навоий, Мукаммал асарлар тўплами, 16ж., Т., 2000; Дурбек, Юсуф ва Зулайҳо, Т., 1959.

Отабек Жўрабоев.