ЮНОН-ФОРС УРУШЛАРИ

ЮНОН-ФОРС УРУШЛАРИ (мил. ав. 500—449 йиллар, танаффуслар билан) — юнон шаҳардавлатларининг Ахоманийлар давлати босқинчилик сиёсатига қарши олиб борган уруши. Форслар Кичик Осиёнинг марказий туманларини босиб олгач, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилларини ва унга яқин оролларни бўйсундиришга ҳаракат қила бошлаганлар (мил. ав. 6-аср). Форслар мил. ав. 492 йил Болқондаги юнонларга қарши саркарда Мардоний бошчилигида 1юриш уюштирганлар, лекин Афон бурнига яқин жойда кўтарилган кучли денгиз бўронидан ҳалокатга учраб, Фракияни босиб олиш билан чегараланиб, орқага қайтганлар. Форсларнинг 2юриши Датис ва Артаферн бошчилигида мил. ав. 490 йил бошланган. Ҳал қилувчи жанг Аттикадаги Марафон яқинида бўлиб, афиналиклар Мильтиад бошчилигида форслар устидан ғалаба қозонганлар (қ. Марафон жанги). Бу хушхабарни Марафондан Афинага (ораси 42 км 195 м) етказган жарчига бағишлаб 1896 йилдан бери марафон югуришлари ўтказилиб келинади. Форсларнинг 3юриши подшоҳ Ксеркс бошчилигида мил. ав. 480 йилда бўлган. Мил. ав. 480 йил июнда форс қўшинлари Спарта подшоси Леонид бошчилигидаги юнонлар ҳимоя қилиб турган Фермопил тоғ йўли орқали бостириб кирганлар. Форслар Аттикани ва Афинани эгаллаган. Бироқ Саламин о. ёнида мил. ав. 480 йил 28 сентябрда форс флоти, мил. ав. 479 йил Платея шаҳрида Мардоний бошлиқ қуруқликдаги армия мағлубиятга учраган. Шундан сўнг юнонлар Эгей денгизи ва Кичик Осиёда форсларга қарши уруш олиб борган. Кипрдаги Саламин шаҳри яқинида мил. ав. 449 йилда юнонлар денгизда йирик ғалабага эришган (қ. Саламин жанги). Каллий битимига асосан, форслар Эгей денгизига ҳукмронлик қилишдан воз кечиб, Геллеспонт, Босфор ҳамда Кичик Осиёдаги шаҳардавлатларнинг мустақиллигини тан олганлар.