ЮНОН-БАҚТРИЯ ПОДШОЛИГИ — Қадимий қулдорлик давлати (мил. ав. 256 — 248 йлар ораси — мил. ав. 140—135 йлар). Асосчиси салавкийларттт Бақтриядаги сатрапи Диодот ҳисобланади. Мил. ав. 250 йилда у ўзини Бақтриянинг мустақил ҳукмдори деб эълон қилади. Давлат ҳудудига ҳоз. Жанубий Тожикистон, Жанубий Ўзбекистон ва Афғонистон кирган. Юнон-Бақтрия Подшолиги кучайган пайтларда унга Покистон, Шим.
Ғарбий Ҳиндистон ҳамда Суғдиёна ҳам бўйсунган. Пойтахти Бақтра (ўрта асрлардаги Балх) шаҳри бўлиб, унинг харобалари Шим. Афғонистонда, Мозори Шариф шаҳри яқинида жойлатлган. Давлат бир қанча сатрапликлар (вилоятлар) га бўлиниб бошқарилган. Ёзма манбалар ва археологиқ тадқиқотлар натижалари иқтисодий ҳаёт, бадиий ҳунармандчилик, ҳайкалтарошлик, маданият, шаҳарсозлик юнон анъаналари асосида юксак ривожланганлигидан далолат беради. ЮнонБақтрия даврига мансуб энг машҳур ёдгорлик Шим. Афғонистондаги Ойхонум ва Жанубий Тожикистондаги Тахти Сангин ёдгорликлари ҳисобланади. Амударёнинг ўнг қирғоғида, Вахш ва Панж дарёлари қуйилишида жойлашган Тахти Сангиндаги ибодатхона тузилиши ва топилмалари эллинизм дунёсига хос диний эътиқодлар кенг тарқалганлигини кўрсатиб турибди.
Юнон-Бақтрия Подшолиги Ҳиндистон ва Ўрта Осиё ҳудудларини ўзаро боғловчи ҳамда Хитойдан Бадахшон орқали Форс кўрфазига олиб чиқувчи савдо йўлларини назорат қилиб, халқаро иқтисодийсавдо алоқаларида фаол иштирок этган. Археологик тадқиқотлар натижасида топилган кўплаб тангалар товарпул муносабатлари ривожланганлигини кўрсатади. Тангалар юнон стандартлари асосида кумуш ва жездан қуйилган. Тангаларда (тетрадрахма, драхма, оболь ва бошқалар) ҳукмдорлар қиёфаси юксак дид ва аниқлик билан тасвирланган. Диодот (мил. ав. 250—230), Евтидем (мил. ав. 230 —200), Деметрий (мил. ав. 200185), Евкрадит (мил. ав. 185171), Гелиокл (мил. ав. 171—155) ва бошқалар ҳукмдорлари маълум. Битта ном билан давлатни бошқарган ҳукмдорлар (мас, Диодот 1П, Евкрадит 1 — II) ҳам бўлган. Мил. ав. 3-аср охири —2-асрнинг 1-ярми давлатнинг энг ривожланган даври ҳисобланади. Мил. ав. 2-аср ўрталаридан бошлаб ички низолар кучайиб, инқироз даври бошланади. Мамлакат алоҳида вилоятларга бўлиниб, маҳаллий ҳокимлар (Антимах, Менандр, Апполодот ва бошқалар)ўз номидан тангалар зарб қилишган.
Юнон-Бақтрия Подшолиги мил. ав. 140—135 йилларда сак ва юечжи қабилалари томонидан бутунлай тугатилган.
Юнон манбаларига кўра, Юнон-Бақтрия Подшолиги асийлар, пасианлар, сакаравллар ва тохарлар тазйиқи остида барҳам топган.
Ад.: Ртвеладзе Э. В., Великий шелковий путь, Т., 1999; Ўзбекистон тарихи, Т., 2003; Сагдуллаев А. С., Қадимги Ўрта Осиё тарихи, Т., 2004.
Ўктам Мавлонов.