ЙИРТҚИЧ ПАШШАЛАР, ктирлар (Asilidae) — қўшқанотлилар туркумига мансуб ҳашаротлар оиласи. Йиртқич пашшалар йирик пашшалар бўлиб, танасининг уз. 4—40 мм. Боши кенг ва ҳаракатчан, мустаҳкам хартуми бор, қорни узун ва ясси, личинкаси оқ ёки сариқ, чувалчангсимон, цилиндр шаклда, аксарият боши ва кети томон ингичкалашиб боради. Ғумбаги ёпиқ, оёклари ва ўсимта белгилари аниқ кўринади. Йиртқич пашшалар тўғриқанотлилар (чигиртка ва б.), қўшқанотлилар, пардақанотлилар ва баъзи қўнғизларга ҳужум қилади. Йиртқич пашшалар личинкаси кўпинча тупроқда яшайди ва қирсилдоқ қўнғизлар, қора қўнғиз, бузоқбоши қўнғизлари, ғалла қўнғизлари ва б. личинкалари билан озиқланади. Оқиш (Asilus albiceps Mg.), сарғиш Йиртқич пашшалар (A. rufi nerois Mg.) ва б. турлари кенг тарқалган. Экинзор Йиртқич пашшалар иккиламчи ҳашарот ҳисобланади. Лекин чигирткалар кўплаб урчиган йиллари Йиртқич пашшалар зараркунандалар ўчоғини тугатишда катта амалий аҳамият касб этади (яна қ. Фойдали ҳашаротлар).
Норқўзи Эргашев.