ЙЕЛЛОУСТОН МИЛЛИЙ ПАРКИ

ЙЕЛЛОУСТОН МИЛЛИЙ ПАРКИ — АҚШнинг шим.-ғарбидаги қўриқхона. Вайоминг, Монтана, Айдахо штатларида. Қояли тоғларнинг ўрта қисмида, бал. 2200—2500 м платода жойлашган. Платонинг атрофи бал. 3000—3600 м ли тоғ тизмалари билан ўралган. Майд. 9000 км2. Й. м. п. — мамлакатдаги дастлабки қўриқхона, 1872 й. да ташкил этилган. Паркнинг 90% ҳудуди игна баргли қалин ўрмон билан қопланган. Йеллоустон дарёсида чуқ. 360 м гача, уз. 20 км ли дара ва бал. 94 м гача бўлган шаршаралар бор, балчиқ вулкани ва кўл кўп, энг каттаси Йеллоустон кўли (майд. 139 км2). 3 мингга яқин гейзер бор. Йирик ҳайвонлардан қора айиқ (барибал), қўнғир айиқ (гризли), буғу, оҳу, антилопа, койот, бизон ва б., қушларнинг 200 га яқин тури мавжуд. Йеллоустон миллий паркининг табиати манзарали, йилига 4,5 млн. гача турист келади.