ЙИЛ

ЙИЛ — вақт ўлчов бирлиги: Ернинг Қуёш атрофида бир марта тўла айланиб чиқадиган вақтга яқин. Унинг давомийлигига олимлар қадимдан қизиққанлар. Қад. Хитой ва Мисрда Йил анча аниқ ҳисобланган. Юнон олими Гиппарх мил. ав. 2-а. да Йил «1/300 куни кам 365 1/4 кун» эканлигини аниқлаган. Бу эса ҳозиргидан фарқ қилади (қ. Кабиса йил). Ҳоз. вақтда турли Йил тушунчалари қўлланилади. Mac, Қуёшнинг кўринма ҳаракатида унинг юлдузларга нисбатан кетма-кет 2 марта бир хил вазиятни эгаллаши орасида ўтган давр юлдуз Йили (сидерик Йил) дейилади; унинг давомийлиги 365,256360 ўртача суткага тенг. Қуёшнинг баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет 2 марта ўтиши орасидаги давр тропик Йил дейилади, у 365,242196 ўртача суткага тенг. Бундан ташқари, аномалистик Йил — Қуёшнинг перигелийдан кетма-кет 2 марта ўтиш орасидаги давр (365,259641 ўртача сутка), аждар Й. — Қуёшнинг Ой орбитаси тугунларининг биридан (кўтарилувчи ёки пасайувчи) кетма-кет икки марта ўтиши орасидаги давр (346,620047 ўртача сутка) ва б. Й. ҳисоблари мавжуд. Шунингдек, Йилнинг фасл, ойларга бўлиниши ва давомийлигига қараб ҳижрий – қамарий, ҳижрий-шамсий Йил ҳисоблари ва ҳ. к. мавжуд (қ. Календарь).