ЙИЛ ФАСЛЛАРИ

ЙИЛ ФАСЛЛАРИ — баҳор, ёз, куз, қиш. Й. ф. нинг алмашиниши Ер айланиш ўқининг орбита (Ернинг Қуёш атрофида айланиш йўли) текислигига нисбатан оғишганлиги (66°33’) сабаб бўлади. Ер Қуёш теварагида айланганда Ер ўқининг йўналиши ўзгармайди. Шу сабабли Ер Қуёш атрофида айланар экан бир Шим. қутб, бир Жан. қутб Қуёшга қараб қолади. Шим. қутб Қуёшга рўпара бўлганда Шим. ярим шар кўпроқ исийди, Жан. қутб Қуёшга рўпара келганда эса Жан. ярим шар кўпроқ исийди. Шундан йил фасллари алмашинади. Шим. ярим шарда баҳор фаслининг бошланиши деб — Қуёшнинг баҳорги кун-тун тенглиги нуқтасидан ўтиш вақти (21—22 март); ёз фаслининг бошланиши деб Қуёшнинг ёзги туриш нуқтасидан ўтиши (21 —22 июнь); куз фаслининг бошланиши деб — Қуешнинг кузги тенг кунлик нуқтасидан ўтиши (23 сент.) ва қишнинг бошланиши деб — Қуёшнинг кишки туриш нуқтасидан ўтиши (21—22 дек.) кунлари қабул қилинган. Жан. ярим шарда буларнинг акси бўлади.

Йил фасллари бир-биридан Ер юзининг ҳамма жойида ҳам фарқ қила бермайди. Mac, экватор яқинида ҳаво доим бир хил бўлади. Бу ўлкаларга икки томондан туташган жойларда (экватор ёни ўлкаларда) йил 2 фаслга бўлинади: қурғоқчил ва серёмғир фасл. Ўзбекистон жойлашган кенгликларда эса баҳор ва куз фасллари қисқароқ (2 ой атрофида), ёз фасли узун (5 ой чамаси) бўлади. Қутбий ўлкаларда, аксин-ча, ёз жуда қисқа, қиш узоқ давом этади.

Йил фаслларининг астрономик узунлиги: баҳорники 92,8 сутка, ёзники 93,6 сутка, кузники 89,8 сутка ва қишники 89,0 сутка, бироқ турли зоналарда Йил фаслларининг узунлиги турлича бўлади.