ЙИҒИ МАРОСИМИ

ЙИҒИ МАРОСИМИ — ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ удумлардан бири. Ўлим оила бошига тушган оғир мусибат. Кўп ерларда, хусусан, қишлоқ жойларда Йиғи маросими одат тусига кирган бўлиб, маълум тартибда ўтади. Аёллар якка тарзда ёки бир-бирлари билан кўришиб ёки давра қуриб ўтириб (баъзан тик туриб) йиғлайдилар. Ўтириб йиғлашда катта давра қурадилар. Одатда, қишлоқда, шаҳар маҳаллаларида аза қўшиғини айтувчи йиғичи (гўянда) аёллар бўлган. Таъзия маросимида йиғини гўянда бошлайди, ўртага тушиб ва вафот этганнинг белбоғи, марҳум, аёл бўлса, рўмолини бўйнига ташлаб, унинг яхши хислатларини, тириклигида қилган ишларини яқинлари тилидан таъсирли қилиб айтиб йиғлайди. Азадор қиз ва келинлар йиғига қўшиладилар, бошқа аёллар ҳам жўр бўладилар. Йиғи маросимининг иккинчи кўриниши садр (садр тушиш) номи билан маълум. Бунда маросимга йиғилган аёллар тик туриб, давра қуриб йиғлайдилар. Айтувчи давранинг ўртасида туради, у б-н давра ичида шу хонадоннинг аёлларидан бири (онаси, хотини, қизи ва б.) ҳам бўлган. Айтувчи юқоридаги тартибда, марҳум номини ва унинг яхши хислатларини айтиб йиғи бошлайди. Аёллар айланиб, тепиниб даврани бузмасдан, гир айланиб йиғлайдилар. Айтувчи йиғининг бу кўриниши қишлоқда ёки маҳаллада бир йил давомида ўлган кишиларнинг номини навбат билан айтиб бўлмагунча давра йиғиси давом этган. Бу одатлар Мовароуннаҳр ва Хоразм ўлкасида қадимдан мавжуд бўлиб, бизгача етиб келган. Кўп жойларда, Мас, Ўзбекистоннинг жан. вилоятларида садр тушиш одати кам учрайди. Лекин исломда, ҳадиси шарифларда марҳумга фарёд уриб йиғлаш маъқул саналмайди. Марҳумнинг эл-юртга килган яхши амалларини хотирлаб, унга Аллоҳдан раҳмат тилашга чақирилади.